Астана ва Ашхобод минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда – ҚР Ташқи ишлар вазири

Мурат Нуртилеу
Фото: t.me/aqorda_resmi

ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Туркманистонга илк расмий ташрифини амалга оширди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири Ашхободдан.

Ташриф доирасида Мурат Нуртилеу Туркманистон Вазирлар Кабинети Раисининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан кичик, кейин кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди ва икки давлат ўртасидаги барча соҳаларга оид масалаларни муҳокама қилди.

“Туркманистон биз учун муҳим стратегик шерик, жуда яқин қардош мамлакат. Бизни кўп асрлик дўстлик ришталари, дўстона қўшничилик анъаналари ва муштарак тарихий илдизлар боғлаб туради. Шу ойда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 31 йил тўлди. Чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида барча соҳаларда салмоқли муваффақиятларга эришдик. Муҳим шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди, қуруқликдаги ва денгиздаги чегарамизни расмийлаштириш якунланди”, — деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазири кенгайтирилган таркибдаги учрашувда.

М.Нуртилеу таъкидлаганидек, ўтган йили икки давлат ўртасида тузилган икки томонлама ҳамкорликнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган комплекс режаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси фаолияти ҳам ижобий ривожланмоқда.

“Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани, транспорт-транзит соҳасида ҳамкорлик ривожи, ишбилармонлик алоқалари жонланаётганини ҳамкорликдаги ишларнинг муҳим натижаси деб биламиз. 2022 йил якунига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 72 фоизга ошиб, қарийб 440 миллион долларга етди. Жорий йилда ҳам ижобий динамика сақланиб қолди. 8 ойда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 34 фоизга ошди. Транзит ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик анъанавий тарзда ўзаро ҳамкорлигимизнинг локомотиви бўлиб қолмоқда. “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон” темир йўл линияси катта захирага эга бўлиб, умумий бойлигимиз саналади.

Ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш мақсадида ўтган йили транспорт, транзит ва логистика соҳаларини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган эди. Энергетика соҳасида ҳам катта салоҳият мавжуд. Туркманистон гази Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга мунтазам етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, Туркманистондан табиий газни Қозоғистон ички бозорига етказиб бериш бўйича ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси мавжуд”, — деди Мурат Нуртилеу.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, қозоқ ва туркман диаспораси дўстликнинг “олтин кўприги” ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.

“Икки томонлама ҳамкорликнинг юксак даражаси давлатларимизнинг халқаро майдондаги ўзаро яқин ҳамкорлигидан яққол кўринади. Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро ёрдам ҳам буни тасдиқлайди. Астана ва Ашхобод минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда”, - деди у.

Ўз навбатида Туркманистон Ташқи ишлар вазири таклифни қабул қилиб, расмий ташриф билан келган қозоғистонлик ҳамкасбига самимий миннатдорлик билдирди.

“Биз ушбу учрашувни икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун ажойиб имконият деб биламиз. Икки томонлама мулоқот суръати жуда юқори эканлигини ҳам қайд этишни истардим. Биз буни олий давлат даражасидаги очиқ, дўстона мулоқотдан ҳам кўришимиз мумкин”, — деди Рашид Мередов.

Музокаралар якунида Мурат Нуртилеу ва Рашид Мередов Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.

Мурат Нуртилеу ташриф доирасида Туркманистон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этди.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар
telegram