Астана шаҳрининг 2035 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Ҳукумати Астана шаҳрининг 2035 йилгача бўлган бош режасини тасдиқлади, унда пойтахтнинг ижтимоий, уй-жой-коммунал, транспорт ва энергетика инфратузилмасини янада ривожлантириш босқичлари белгилаб берилди. Тегишли қарорни Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов имзолади.

Астана
Фото: Kazinform

Қозоғистон Республикаси Ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан ишлаб чиқилган Астана шаҳрининг асосий шаҳарсозлик ҳужжати жамиятда кенг муҳокама қилинди. Аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиб бораётганини ҳисобга олиб, шаҳарни жадал ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда пойтахт аҳолиси қарийб 1,2 миллион кишини ташкил этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 2,3 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Бош режада 164 та мактаб, 178 та болалар боғчаси, 93 та соғлиқни сақлаш объекти қурилиши кўзда тутилган. 2029 йилгача 15 та замонавий талабалар саройи қурилади. Буларнинг барчаси маҳаллий бюджет ва хусусий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади.

Пойтахтнинг уй-жой фондини 68,2 миллион м2га, автомобиль йўллари тармоғининг узунлигини 1000 километрдан 2,5 минг километрга етказиш кўзда тутилган. Асосий автомагистралларда, айниқса, Есил туманида тирбандликни бартараф этиш учун жамоат транспортининг муқобил шаклларини ривожлантириш ва бешта йирик кўприк қуриш режалаштирилган.

Сув истеъмоли ҳажмининг ошиши ҳисобга олиниб, Иртиш-Қарағанди каналидан тортилган сув қувури орқали қуввати кунига 210 минг куб метр бўлган 4-сонли насос-фильтр станцияси қурилади. Шу билан бирга, техник сув таъминоти учун ишлаб чиқариш қуввати кунига 160 минг куб метргача бўлган “Телман” насос станциясини кенгайтириш режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар