Астана шаҳрида Кардифф университети кампуси очилади
ASTANА. Кazinform - Охирги икки йилда хориждан 33 та кучли тадқиқот университети Қозоғистонга келишга рози бўлди. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди.
“Ҳозирги устувор вазифамиз Қозоғистонни йирик академик ва тадқиқот марказига айлантиришдир. Охирги икки йилда хориждан 33 та кучли тадқиқот университети Қозоғистонга келишга рози бўлди. Бу иш давом этмоқда. Мен бугун Лондондан қайтдим, у ерда Кардифф университети билан шартнома имзоладик. Ушбу муассаса Британиянинг кучли университетлари гуруҳи бўлган Russell Group таркибига киради. Аввало, Алмати шаҳрида Queen's University Belfast очилди, эндиликда Cardiff University Астана шаҳрида катта кампус очади”, — деди Фан вазири пойтахтда бўлиб ўтган “Digital Kazakhstan: замонавий таълим” деб номланган Август кенгашида.
Кардифф университети учун Астанадан 14 гектар ер ажратилди.
“Кардифф олдига қўйилган биринчи мақсад ўқитувчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлашдир. Шундай экан, бу бизнинг Назарбоев университети ва асосий миллий педагогика университетларимиз учун ҳам ёрдам, ҳам рақобат бўлади. Шу йўл билан биз хорижий тилларни биладиган кучли халқаро тоифадаги ўқитувчиларни тайёрлаймиз”, — деди С. Нурбек.
Шу билан бирга, соҳа вазири мамлакатдаги ҳар бир ҳудудий давлат университети учун хорижий ҳамкор таълим муассасалари тасдиқланганини эслатди.
“Шотландиянинг нефть ва газга ихтисослашган энг қадимги техника университети бўлмиш Heriot-Watt University университети Ақтўбедаги Жубанов университетига жойлашди. Улар биринчи йилда 300 нафар, жорий йилда 250 нафар абитуриентни қабул қилиб, 550 нафар талабага таълим бермоқда. Яна бир мақсад – ҳудудий университетларимизни ўзгартириш. Яқин 4-5 йил ичида маҳаллий олий таълим муассасалари хорижий стандартлар бўйича тадқиқот университетларига айланиши, ҳар бир олий таълим муассасаси ҳудуднинг ривожланиш нуқтаси бўлиши керак”, – деди Саясат Нурбек.