Астана шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бошланди
Қозоғистон пойтахтидаги Beeline Arena спорт мажмуасида бокс бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

Тадбирда ҚР Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев, Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) Бош котиби – Али Саламе, IBA президенти – Умар Кремлев, Қозоғистон бокс федерацияси президенти Кенес Рақишев иштирок этди.
“Бокс энг оммабоп спорт тури бўлиб, инсонлар қалбида алоҳида ўрин тутади ва миллионлаб томошабинлар эътиборини тортади. Қозоқ бокс мактаби жаҳон спорт аренасида шарафли ўринга эга ва етакчилардан бири ҳисобланади. Масалан, мустақиллик йилларида мамлакатимиз боксчилари Олимпиаданинг 7 та олтин, 7 та кумуш ва 10 та бронза медалини қўлга киритди”, – деди ҚР Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь – 3 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада қитъанинг 23 давлатидан 500 нафарга яқин ёш спортчи Осиё чемпиони учун кураш олиб боради. Жанг олимпия тизими бўйича ўтказилади.
Финал жанглари ғолиблари 2-3 ноябрь кунлари аниқланади.