Astana Operaда Наврўз қўшиқлари куйланади

Операчилар
Фото: astanaopera.kz

ASTANА. Кazinform — 20 март куни К.Байсейитова номидаги камера залининг саҳнасида Astana Opera халқаро опера академияси тақдим этган «Наурыз – көктем» ( Наврўз – баҳор) концерти доирасида Наврўз қўшиқлари куйланади. Бу ҳақда театр матбуот хизмати хабар берди.

Хорват, рус ва тожик вокалчиларининг миллий қўшиқларни ижро этиши кечанинг энг ёрқин қисми бўлади. Концертда Опера академиясининг бошқа иқтидорли ёш солистлари ҳам иштирок этиб, миллий байрамимиз гўзаллиги ва улуғворлигини акс эттирувчи вокал асарларга бой, ёрқин ва дилрабо дастурни тақдим этади.

— Astana Opera халқаро опера академияси тингловчилари томонидан ижро этилган концертларнинг аксарияти Ғарбий Европа композиторлари асарларини ўз ичига олган. Ушбу тингловчилар курси билан биз қозоқ мусиқаси бўлимини ҳам фаол ўрганмоқдамиз. Бу концертда маданиятимиз бойлигини кўрсатмоқчимиз, шунинг учун барчамиз миллий либосларда чиқиш қиламиз, саҳнани шундай ажойиб услубда безатамиз. Ҳозир тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ўзгача форматда бўлиб ўтадиган концерт халқ композиторлари қалбидан ўрин олган гўзал қўшиқлар бирин-кетин янграйдиган тўйни эслатади. Академиянинг чет эллик тингловчилари қозоқ асарларини ижро этишади. Бу уларга халқимизни яқиндан билиш, унинг анъаналарини қадрлаш имконини беради, чунки маданият ҳар қандай давлатнинг ўзига хос белгисидир, – дейди Astana Opera халқаро опера академияси ижрочи директори Айсулу Тани.

Сопранолар Лейла Аламанова, Фируза Рахметова, Анастасия Ремескова, тенорлар Нурсултан Ануарбек, Мерей Қадирханов, Шоҳруҳ Юнусов, шунингдек баритонлар Султан Бақитжан, Бекулан Ерболатули, Неъматулла Зикруллаев, Юрица Юрасич Капуннинг ижросида томошабинлар қозоқ маданиятининг бойлигидан баҳраманд бўлишади. А.Жубанов ва Л.Ҳамидийнинг шу номли операсидан Абайнинг машҳур ариясисиз дастур тўлиқ бўлмайди.

“Мусиқа фестивалига тайёргарлик кўришда вокал устозлари ҳам муҳим ўрин тутади, улар Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоблар Азамат Жилтиркўзов ва Жупар Ғабдуллина, шунингдек, пианино чалишни пухта эгаллаган истеъдодли концертмейстерлар Дина Мирманова ва Жанар Ахметовалардир. Ўз ишининг профессионал усталари саҳнада байрамона муҳит яратиб, ҳар бир томошабиннинг қалбни баҳорий энергия билан тўлдирадиган мусиқа ва туйғулар оламига киришига хизмат қилади", - дейилади хабарда.

Шу тариқа, «Наурыз — көктем» (Наврўз — баҳор) концерти ёш опера хонандаларининг мусиқий ижодини намойиш этиб, шодлик, янгиланиш ва фаровонлик рамзи бўлган умумбашарий халқ байрамини нишонлаш даврида маданият ва анъаналар уйғунлигининг ўзига хос рамзига айланади.

Сўнгги хабарлар