Астана аҳолиси Олимпиада чемпионлари билан бирга 10 минг қадам юрди
ASTANA. Kazinform — Астанада Спорт ҳафталиги бошланди. Ботаника боғида юзлаб аҳолини бирлаштирган «10 000 қадам» акциясида Қозоғистоннинг Олимпиада чемпионлари ва таниқли спортчилари иштирок этди.
Тадбир фитнес-мураббий Айша Баймаханованинг бадантарбия машқлари билан бошланди. Шундан сўнг аҳоли Олимпиада чемпионлари Серик Сапиев, Дмитрий Баландин, Юрий Мельниченко, совриндорлар Василий Левит, Адилбек Ниязимбетов, Ислом Байрамуков, шунингдек, Алмат Кебисбаев, Анна Алябьева, Ольга Тихонова ва Денис Никиша билан бирга 10 минг қадамлик масофани босиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов оммавий спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
“Бугун спорт қозоғистонликларнинг кундалик турмуш тарзига кириб бормоқда. Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий устувор йўналиш — болалар ва оммавий спорт. Бош мақсад — яшаш жойидан қатъи назар, ҳар бир боланинг спорт билан шуғулланиши учун қулай шароит яратиш ва соғлом турмуш тарзини умуммиллий одатга айлантириш”, — деди вазир.
Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 44 фоиздан зиёди, болаларнинг эса 34 фоизи, яъни 1,8 миллион нафар бола мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда. 2029 йилга қадар бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш режалаштирилган.
Тадбирда иштирок этган таниқли спортчилар ҳам аҳолига ўз тилакларини билдирди.
Анъанавий Спорт куни арафасида ташкил этилган ҳафталик доирасида мамлакат бўйлаб 250 дан ортиқ оммавий тадбир ўтказилади. Ўтган йили Қозоғистонда 147 та спорт иншооти қурилган бўлса, ҳозирда 600 мингдан ортиқ бола бепул спорт секциялари ва спорт мактабларида шуғулланмоқда.