Ашхободда Қурманғази ва Абай ҳайкаллари ўрнатилади

МИД РК-Туркменистан
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

ASTANA. Kazinform – Туркманистон томони Ашхободда куйши (дўмбрачи, композитор) Қурманғази ва Буюк Абай ҳайкалларини ўрнатиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда бугун Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан музокаралардан сўнг қўшма баёнот берган ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу маълум қилди.

“Маданий-гуманитар ҳамкорлик анъанавий тарзда энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, Туркманистон делегациясини жаҳонга машҳур шоир Махтумқули Фраги таваллудининг 300 йиллиги билан табриклайман. Бу тарихий шахснинг адабий мероси туркий маданиятнинг умумий маънавий хазинаси ва анъаналарини сақлаб қолган туркман халқининг донишмандлиги, ўзига хос дунёқарашини очиб беради. Пойтахтимизда улуғ шоир ҳайкали очилиш маросимини интиқлик билан кутамиз. Икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари доирасида яқин келажакда Астанада Туркманистон маданияти кунларини, Туркманистонда Қозоғистон маданият кунларини ўтказиш режалаштирилган”, – деди Мурат Нуртилеу.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томони жорий йилнинг кузида Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга тайёр.

“Туркманистон томонининг Ашхобод шаҳрида куйчимиз Қурманғази ва Буюк Абай ҳайкалларини ўрнатиш ташаббуси учун катта миннатдорчилик билдираман. Яна бир таъкидлаб ўтиш жоизки, Туркманистоннинг Анау шаҳри бу йил Турк дунёсининг маданий пойтахти бўлганини катта иштиёқ билан қабул қилдик. Таълим ва фан соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга келишиб олдик. Қозоғистоннинг 28 та олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2600 дан ортиқ туркманистонлик талабалар икки давлатнинг яқинлашишига таъсир қилади”, – деди Бош вазир ўринбосари.

Сўнгги хабарлар