Ашхободда Қозоғистоннинг нуфузли университети ўз филиалини очади
ASTANA. Kazinform – Туркманистон пойтахтида Қозоғистоннинг етакчи университетларидан бири ўз филиалини очади. Бу ҳақда Туркманистон Вазирлар кабинети раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашувдан сўнг ҚР Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу маълум қилди.

“Маданий-гуманитар алоқаларга келсак, Қозоғистон ва Туркманистонда яшовчи диаспоралар икки давлатни боғловчи “олтин кўприк”, деб ҳисоблаймиз. Кейинги йилларда бу борада бир қатор аниқ ва самарали ишлар амалга оширилди. Ўтган йили Астана ва Ашхобод шаҳарларида қозоқ ва туркманларнинг етук фарзандлари – Абай, Мактумқули, Қурманғази шарафига қад ростлаган ёдгорликлар дўстлигимизнинг ёрқин тимсоли, дейишга тўлиқ асослар бор. Қозоғистон ва Туркманистон маданият кунлари жамият томонидан юқори баҳоланиб, мамнуният билан қарши олинди”, – деди вазир.
ҚР ТИВ раҳбари икки давлатнинг олий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳам янги маълумотлар берди.
“Таълим ва ёшлар сиёсати доирасидаги суҳбат чоғида Қозоғистондаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири Ашхободда ўз филиалини очишга тайёрлигини тасдиқладим. Ўйлайманки, яқин келажакдаги мазкур нуфузли ташрифлар чоғида аниқ ҳамкасблар ва ҳамкорлар номи тилга олинади”, – деди Мурат Нуртилеу.
Бундан ташқари, вазир ахборот соҳасидаги алоқалар ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Қозоғистон телеканали Туркманистонда ҳам кўрсатилиши мумкинлигини маълум қилди.
“Туркман дўстларимиз ҳақидаги хабарлар Silk Way каналида тез-тез чоп этилади. Қардош халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида Туркманистон телеоператорлари пакетларига Қозоғистоннинг «Silk Way» ва «Silk Way Cinema» каналларини киритишни таклиф қилдим”, – ҚР ТИВ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларгача ошади.