Арманистонда Қозоғистон-Арманистон бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда

Бизнес-форум
Фото: Kazinform

ASTANA. Kazinform - Ереванда Қозоғистон-Арманистон бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Форум кун тартибидан Қозоғистон ва Арманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни, туризм ва логистика соҳаларини ривожлантириш масалалари ўрин олган. Бизнес-форумда ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ва Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Геворг Папоян, Қозоғистоннинг Арманистондаги элчиси Болат Иманбаев, Арманистоннинг Қозоғистондаги элчиси Армен Гевондян ва иқтисодиётнинг турли тармоқларининг 150 дан ортиқ вакиллари иштирок этмоқда.

Бизнес-форум доирасида икки томонлама иқтисодий муносабатларга янги суръат бахш этадиган ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган.

Қозоғистон делегацияси таркибида нефть-газ, саноат, ҳуқуқшунослик, қурилиш, металлургия, транспорт ва логистика, туризм, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари вакиллари бор.

Бизнес-форум савдо-иқтисодий ҳамкорлик, логистика, туризм каби уч секцияга бўлинган. Секциялар давомида ҳар икки томон вакиллари Қозоғистон ва Арманистонда ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати, мамлакатларда бизнес юритиш учун шарт-шароитлар ва имкониятлар, Қозоғистон ва Арманистон ўртасида логистика салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, ҳар икки давлатга экспорт имкониятларини кенгайтириш имконини берадиган янги йўналишларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

“Бугунги тадбир - савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро манфаатли янги иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва ўрнатиш учун ажойиб имкониятдир. Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Арманистонга режалаштирилган расмий ташрифи алоҳида ўрин тутади. Арманистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш сезиларли даражада ўсган – 104 миллион доллар, бу 2022 йилдаги кўрсаткичлардан 2,4 баробар кўпдир. Бу мамлакатларимиз икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлайди”, - деди бизнес-форум иштирокчилари олдида сўзга чиққан Арманистон иқтисодиёт вазири Геворг Папоян.

Ўз навбатида, ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев форумни тарихий деб атади ва бугунги кунда томонлар янги имкониятлар – нафақат бир-бирларининг иқтисодиётини тўлдириш, балки учинчи давлатларга экспорт йўналишларини ривожлантириш ҳақида гапираётганини таъкидлади.

“Форумни тарихий деб аташ мумкин. Бугун биз Давлат раҳбарининг Арманистонга расмий ташрифи арафасида шундай аудиторияда йиғилдик. Биз учун Арманистон - вақт синовидан ўтган ишончли дўстдир. Дарҳақиқат, товар айирбошлаш кўпайди. Савдо билан бир қаторда сармоявий алоқалар ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Арманистондан Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри сармоя миқдори қарийб 18,6 миллион долларни ташкил этди. Қозоғистондан Арманистонга - тахминан 56 миллион доллар. Албатта, бу чегара эмас. Бугунги кунда Қозоғистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида 380 дан ортиқ компания ва Арманистон капитали иштирокидаги 72 қозоқ-арман қўшма корхонаси фаолият юритмоқда.

Қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби тармоқларга йўналтирилаётган сармоялар истиқболли. Бизда инфратузилма, уй-жой, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш бўйича салмоқли малака ва тажриба тўпланган. Бизнинг компаниялар Арманистонда бундай лойиҳаларни амалга оширишдан жуда манфаатдор. Биз, ўз навбатида, арман тадбиркорларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, айниқса, Қозоғистоннинг ғарбий вилоятларида қайта ишлаш имкониятларини кўриб чиқишга таклиф қиламиз.

Ақтау шаҳридаги транспорт ва логистика иштирокимизни ошириш бизга мультимодал етказиб бериш учун янги имкониятни беради. Эрон йўналишини биргаликда тўлиқ ўзлаштиришимиз керак. Бу янги имкониятларни очади. Биз томондан экспортга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган рағбатлантириш чора-тадбирлари мажмуасини таклиф этамиз. Биз, айниқса, Хитой йўналишини таъкидлаймиз. Ишончим комилки, Арманистон маҳсулотлари Хитойда ўз харидорини топади”, - деди ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев.

Бизнес-форум давомида икки мамлакат ишбилармонлик муҳити ва давлат тузилмалари вакиллари ўртасида Қозоғистон ва Арманистон ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада бойитиш бўйича мазмунли музокаралар олиб борилди.

Форум доирасида иқтисодиёт, савдо ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги икки томонлама муносабатларга қўшимча туртки беришга қаратилган ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар