Арманистонда CОVID-19 билан касалланишнинг ўсиши қайд этилди
Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 18 июлдан 24 июлгача мамлакатда CОVID-19 билан касалланишнинг 965 та янги ҳолати қайд этилган (ўтган ҳафтага нисбатан 336 та ҳолат кўп). Худди шу даврда 547 киши тузалиб, 1144 киши даволанди, 7 нафари вафот этди.
Брифинг чоғида Арманистон Соғлиқни сақлаш вазири Анахит Аванесян республикада CОVID-19 билан касалланиш кўпайганини таъкидлаб, аҳолига бустер эмлашни тавсия қилди.
«Охирги бир ой ичида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайган. Бу хориж сафарларининг кўпайиши, саёҳатларнинг кучайиши билан боғлиқ. Европада, сиз билганингиздек, касалланиш фаол равишда ўсиб бормоқда. Биз буни башорат қилгандик ва вазиятни кузатиб боряпмиз. Соғлиқни сақлаш тизими ҳар қандай ўзгаришларга тайёр. Яқин ҳафталарда биз янги тўлқин кучаядими ёки вазият барқарорлашадими, буни тушунамиз», — деди А.Аванесян.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ковид чекловларини жорий қилишнинг ҳожати йўқ. Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари кўп нарса фуқароларга боғлиқ бўлишини таъкидлаб, аҳолини тиббиёт муассасаларига ташриф буюришда ниқоб тақишга, шунингдек, CОVID-19 вакцинасининг учинчи бустер дозасини олишга чақирди.
Айни пайтда Арманистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар йўқ. Мамлакатга кириш учун ПЗР тести ёки эмлаш сертификати талаб қилинмайди.
Касалликларни назорат қилиш ва профилактика миллий маркази маълумотларига кўра, бутун мамлакатда пандемия даврида 425 365 нафар COVID-19 инфекцияси юқтириш ҳолати қайд этилган, 413 901 нафар бемор тузалган, 8 633 нафар бемор вафот этган.
25 июл ҳолатига кўра, эмланганлар сони 2 миллион 225 минг 916 нафарни ташкил этди. Вакцинанинг биринчи дозасини 1 миллион 141 минг 151 нафар, иккинчи дозани 1 миллион 17 минг 50 нафар, бустер дозани 62 минг 07 нафар киши олган.
Муаллиф: Азамат Алмағанбетов