Арманистон ва Хитой ташувчиларга имтиёзлар бериш тўғрисида келишувга эришди

ASTANA. Kazinform – Арманистон ва Хитой йўловчилар ҳамда юкларни халқаро автомобиль транспортида ташишни енгиллаштириш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда агентликнинг минтақадаги махсус мухбири Armenpress нашрига таяниб хабар беради.

Армения и Китай договорились о льготах для перевозчиков
Фото: Общественное радио Армении

Ҳужжат ташувчилар учун махсус рухсатномалар бериш тизимини жорий этишни ва бир қатор йўл йиғимларидан озод қилишни назарда тутади. Томонлар ушбу келишувга Пекинда бўлиб ўтган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича учрашув жараёнида эришди.

Арманистон ҳудудий бошқарув ва инфратузилма вазирининг ўринбосари Кристина Галечяннинг айтишича, рухсатномалар икки тоифа бўйича берилади. Биринчиси — оддий юклар учун, иккинчиси эса махсус юклар учун мўлжалланган. Бу ташувчиларга халқаро ва транзит ташувларни соддалаштирилган тартибда амалга ошириш имконини беради.

“Келишув халқаро ва транзит ташувларни енгиллаштиришга қаратилган. Бироқ унинг талаблари Арманистон ва Хитой ҳудудидаги ички ташувларга нисбатан қўлланилмайди”, — дея изоҳ берди Кристина Галечян.

Шунингдек, томонлар автомобиль йўлларидан фойдаланганлик учун ундириладиган бир қатор солиқ ва йиғимлардан ташувчиларни ўзаро озод қилишга келишиб олди. Бироқ транспорт воситаларининг йўлларга етказган зарарини қоплаш учун тўланадиган тўловлар сақланиб қолади.

Галечяннинг сўзларига кўра, учрашувда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйича юк ташиш ҳажмини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш, чегара ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, логистика соҳасини рақамлаштириш масалалари муҳокама этилди.

Келишувда икки давлат ўртасида келишилган йўналишлар ва белгиланган чегара ўтказиш пунктлари орқали мунтазам ҳамда номунтазам халқаро автобус қатновларини ташкил этиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Ташувчиларга рухсатномаларни Арманистон томонидан Ҳудудий бошқарув ва инфратузилма вазирлиги, Хитой томонидан эса Транспорт вазирлиги беради.