Аргентина президенти Буюк Британияни Фолкленд масаласи бўйича музокаралар олиб боришга чақирди

Аргентина президенти Буюк Британияни Фолкленд масаласи бўйича музокаралар олиб боришга чақирди
Фото: Lenta.ru

Президент Хавьер Милей бошчилигидаги Аргентинанинг янги ҳукумати Лондонни Фолкленд (Мальвин) ороллари суверенитетини қайтаришга чақирмоқда ва бу борада музокаралар олиб боришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Interfaxга таяниб хабар беради.

“Бугун Бирлашган Қироллик Мальвин ороллари биринчи марта зўрлик билан босиб олинганига 191 йил тўлди; Аргентина ҳукумати ва бутун жамият бизнинг Мальвин ороллари устидан суверенитетга бўлган ҳуқуқимизни ҳимоя қилади”, — деди ҳукумат вакили Мануэль Адорниматбуот анжуманида.

“Аргентина ҳукумати БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари қоидаларига мувофиқ суверенитет масаласига ечим топиш учун икки томонлама музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди”, — дейилади Аргентина ТИВ сайтида чоп этилган баёнотда.

“Аргентина ҳукумати Буюк Британия билан музокараларни қайта бошлаш учун қулай бўлган ишонч муҳитини яратиш мақсадида ўзаро манфаатли барча масалалар бўйича мазмунли ва конструктив мулоқотни ўз ичига олган муносабатларни сақлаб қолишни истайди”, — дея қўшимча қилди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги.

Буюк Британия ва Аргентина ўртасида Буюк Британия Фолкленд ороллари деб атайдиган Мальвин ороллари, шунингдек, Британиянинг иккита денгиз ҳудуди - Жанубий Георгия ва Жанубий Сандвичев ороллари учун уруш 1982 йил 2 апрелда бошланган ва 14 июнда Аргентинанинг мағлубияти билан якунланган.

Шунга қарамай, Буэнос-Айрес уларни Аргентина ҳудуди деб билади.

Сўнгги хабарлар