Ҳар йили Қозоғистонга 14 миллион киши кириб чиқади
«Ҳар йили Қозоғистонга 14 миллион киши келади ва 14 миллион киши кетади. Биз уларнинг барчасини гуруҳлаб, 13 та йўналишга ажратдик. Ўша йўналишлар фаолиятини автоматлаштириш, фуқароларнинг мамлакатимизга кириб-чиқишини қулайлаштириш мақсадида «бир дарча» тамойили ёки мобиль иловадан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатишни йўлга қўйдик. Биринчидан, иш ватандош мақомини беришни автоматлаштиришдан бошланди», – деди Илияс Испанов Марказий коммуникациялар хизмати майдонида ўтказилган матбуот анжуманида.
Миграция қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, фуқароларнинг Қозоғистонга келиб, хорижга кетишининг мақсади ва муддати тўғрисида ягона ҳисобот юритиш мажбурияти бор.
«Энди маълум бир хизматни олиш учун ҳар бир давлат органининг эшигини тақиллатиш шарт эмас. Шунингдек, Қозоғистонга келаётган хорижий фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш автоматлаштирилади. Энг муҳими, мамлакатимизга келган фуқароларни қонунни бузмаслик ва жиноят содир этмаслик ҳақида огоҳлантирамиз», – деди вазирлик вакили.
Муаллиф: Даулет Изтилеу