Анқарада Туркий дунё адибларининг 5-анжумани бўлиб ўтди

Анқарадаги адабиёт анжумани
Фото: yozuvchilar_uz

 Туркия пойтахти – Анқара шаҳрида Туркий дунё адибларининг 5-анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига таяниб.

Тадбирда иштирок этиш учун Туркия Республикасининг 100 йиллиги муносабати билан туркий тилда ижод қилаётган 100 нафар шоир, ёзувчи, адабиётшунос таклиф этилган экан. Ушбу ижодий-амалий қурултой Адабиёт ва санъат асарлари муаллифлари уюшмаси – ILESAM томонидан амалга оширилди. Шу ўринда ILESAM ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтсак, ушбу ташкилот Туркия Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган. У адабиёт, санъат соҳасида фаолият юритаётган ёзувчи, шоир ва олимларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда тарғиботи билан шуғулланади. Уюшма Маданият ва туризм вазирлиги билан ҳамкорликда ишлайди. Унинг 3500 дан ортиқ аъзоси бор.

ILESAM Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳомийлигида тайёрлаган Туркий дунё адибларининг 5-анжумани лойиҳасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Онор, Қозоғистон халқ шоири Улуғбек Есдаулет, Қирғиз халқ шоири Хўжагелди Култегин, туркиялик ёзувчи Ёқуб Умар ўғли, македониялик шоира Лейла Шариф, эронлик шоира ва таржимон Рукаи Кабир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид каби таниқли ижодкорлар иштирок этди.

Анжуман
Фото: yozuvchilar_uz

 

Анқара Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган ижодий-амалий анжуман иштирокчилари беш гуруҳга бўлиниб, беш хил мавзуда иш олиб борди. Булар қуйидагилар:

  1. Туркий дунёда умумий тил ва алифбо: муаммолар ва ютуқлар;
  2. Туркий дунё таълими, маданияти, санъати ва адабиётидаги бирлик ва ҳамжиҳатлик: фаолият ва таклифлар;
  3. Туркий дунё адабиёт ва санъатида муаллифлик ҳуқуқи муаммолари ва кўчирмакашликка қарши кураш чоралари;
  4. Китоб ва китобхонлик маданияти, умумий тилдаги нашрлар ва таржима муаммолари;
  5. Умумтуркий адабиёт, қиёсий адабиёт, адабий жанрлар тарғиботи ва ижодкор ва адабиётшуносларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги.

ILESAM ҳамда Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, ТИКА (Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги), ЙТБ (Хориждаги туркий қардош жамияти), АЙК (Отатурк номидаги олий маданият, тил ва тарих институти), Туркия тарих институти, Турк тили институти, ТУРКСОЙ каби ташкилотлар ҳамкорлигида ўтган Туркий дунё адибларининг 5-анжумани таассуротларга бой бўлди.

Туркий дунё адибларининг 5-анжумани таклифи билан навбатдаги тадбир икки йилдан сўнг Ўзбекистонда – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Сўнгги хабарлар