Анъанавий камондан отиш бўйича Қозоғистон битта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритди
ASTANA. Kazinform – V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Анъанавий камондан отиш бўйича Пута нишонига отиш мусобақа якунланди. Унда қозоғистонлик спортчилар битта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Бугун “Пута” нишони (эркаклар – 70 метр, аёллар – 60 метр) бўйича мусобақа ўтказилди. “Арғимақ” от спорти мажмуасида ўтказилган мусобақада 33 давлатдан 180 нафар спортчи иштирок этди. Мазкур спорт тури бўйича Қозоғистон терма жамоаси сафида 10 нафар спортчи мамлакат шарафини ҳимоя қилди.
Финалда қозоғистонлик Жанибек Қулмирзаев ва венгриялик Ласло Кочка дуранг ўйнади. Ўйин регламентига кўра, улар яна 9 та ўқ отишди ва қозоғистонлик спортчи 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эркаклар ўртасидаги финал баҳсида қозоғистонлик Жанибек Қулмирзаев олтин, венгриялик Ласло Кочка кумуш, қозоғистонлик Қанат Қасимхан ва қирғизистонлик Исхак Токонов бронза медалига сазовор бўлди.
Хотин-қизлар ўртасида олтин мукофот россиялик Анна Алексеева, қирғизистонлик Асел Садирова кумуш, қозоғистонлик Айкўркем Батихан ва венгриялик Корени Янка Юдитга бронза насиб этди.
Эртага, 10 сентябрь куни Қалқон нишонида “Арғимақ” от спорт мажмуасида навбатдаги мусобақа бўлиб ўтади. У ерда эркаклар 60 метр, аёллар эса 50 метр масофани нишонга олишади.
Кейинги кунларда Жамби нишони - 30 метр ва жамоавий мусобақа (30 метр) ўтказилади.