Америкалик шифокорлар ўзбекистонлик болаларда мураккаб кардиожарроҳлик операцияларини ўтказмоқдалар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига кўра Ўзбекистонга келган америкалик шифокорлар шу йилнинг 10 сентябридан Қорақалпоғистон Республикасида туғма юрак нуқсони бор болаларда мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказмоқдалар, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон ССВ матбуот хизматига таяниб.

Маълум қилинишича, ушбу акция сентябрь ойи охиригача давом этиши белгиланган. Бунинг натижасида юрагида туғма нуқсони бўлган 50 нафар жажжи бемор очиқ усулдаги операциялар орқали оғир дарддан халос бўлиши кутиляпти.
Ҳозиргача улардан 22 нафари муваффақиятли ўтказилган амалиётлар орқали оиласи бағрига соғ-саломат қайтгани маълум қилинди.
“АҚШнинг “Global Cardiac Alliance” фонди раҳбари, профессор Уиллям Новик раҳбарлигидаги етук кардиожарроҳлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Болалар миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидов, марказ мутахассислари, Қорақалпоғистон тиббиёт институти шифокорлари, клиник ординаторлар, магистрлар яқиндан кўмаклашмоқда”, - дейилади вазирлик хабарида.