Алматида Марказий Осиёдаги энг йирик гимнастика маркази қурилмоқда
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) президенти Моринари Ватанабэ ва Осиё гимнастика иттифоқи (AGU) президенти Абдулраҳмон Ал-Шатри билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Суҳбат давомида мамлакатда гимнастикани ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев FIG ва AGU ташкилотлари томонидан Қозоғистон гимнастика федерациясига кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдамни юқори баҳолади.
— Президент мамлакатимизда гимнастика болалар ва ёшлар орасида тобора оммалашиб бораётганини таъкидлади. Кўплаб маҳаллий заллардан ташқари, миллий терма жамоалар машғулотлар ўтказадиган ва халқаро мусобақалар ўтказиладиган учта ихтисослаштирилган мажмуалар фаолият юритмоқда, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Алматида Марказий Осиёдаги энг йирик ва энг ноёб гимнастика маркази қурилиши бошланди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон кенг кўламли спорт тадбирларини ўтказишда катта тажриба орттирганини таъкидлади.
Давлат раҳбари мамлакат спорт соҳасини ривожлантириш ва йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш бўйича қўшма ташаббусларни кўриб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.
Моринари Ватанабэ ва Абдулраҳмон Ал-Шатри Қозоғистон раҳбарияти томонидан профессионал ва оммавий спортга кўрсатилаётган ёрдамни ижобий баҳоладилар.
Меҳмонлар жаҳон ареналарида мамлакат шон-шарафини улуғлаётган қозоғистонлик спортчиларнинг ютуқларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва бутун дунёда гимнастикани ривожлантиришдаги хизматлари учун Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабэни I даражали “Достық” ордени ва Осиё гимнастика иттифоқи президенти Абдулраҳмон Ал-Шатрини II даражали “Достық” ордени билан тақдирлади.
Эслатиб ўтамиз, Президент қозоғистонликларни Янги Конституция кучга кириши билан табриклади.