Алмати вилоятида 8 та мактаб Starlink сунъий йўлдош интернетига бепул уланди

интернет
Фото: pixabay.com

Алмати вилоятида “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида 53 та мактаб қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Марат Султанғазиев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

“Таълим соҳасидаги асосий устувор вазифа уч сменали ўқитиш ва ўринлар тақчиллигини бартараф этишдан иборат. 2023 йил бошида вилоятда 52 та уч сменали мактаб мавжуд эди. Жорий йилда 14 минг 400 ўринли 10 та мактаб фойдаланишга топширилди. 5 таси йил охиригача берилади. Келгуси йилда уч сменали мактаб 39 тага қисқартирилади. “Қулай мактаб” миллий лойиҳасига мувофиқ 2024-25 йилларда 54,6 минг ўринли 53 та мактаб қурилади. Бунинг натижасида уч сменали мактаб масаласи ҳал бўлади”, - деди вилоят ҳокими Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда.

Унинг таъкидлашича, “Таълим-инновация” ва “Қозоғистон халқи” жамғармалари билан ҳамкорликда “Муваффақиятли 50 та мактаб” номли ноёб лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 756 миллион тенге ажратилган. 50 та мактабнинг 3,8 минг нафар ўқитувчиси малака ошириш курсларидан ўтиб, 58 мингдан ортиқ ўқувчи умумтаълимга қамраб олинди. Лойиҳа доирасида “Қозоғистон халқи” жамғармаси кўмагида 50 та мактабда 1,5 млрд тенгега физика, кимё ва биология фанларидан 150 та лаборатория хоналари жиҳозланмоқда.

“Ҳозирда вилоят мактаблари интернет тармоғи билан тўлиқ таъминланган. Бироқ чекка ҳудудларда интернет тезлиги масаласи мавжуд. «Digital Bridge-2023» пилот лойиҳаси доирасида Starlink сунъий йўлдош интернет тармоғига чекка ҳудудлардаги 8 та мактаб бепул уланди. Натижада интернет тезлиги 8 Мбит/с дан 200 га ошди. “Арзон интернет” дастури доирасида 65 та мактабда ушбу технология орқали интернет тезлиги оширилади”, - деди вилоят ҳокими.

Муаллиф: Марлан Жиембай

 

Сўнгги хабарлар
telegram