Алихан Смаилов ХВЖнинг Қозоғистондаги миссияси раҳбари билан учрашди

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва ХВЖнинг республикадаги миссияси раҳбари Николя Бланше Қозоғистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Kazinform.

Алихан Смаилов ХВФнинг Қозоғистондаги миссияси раҳбари билан учрашди
Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Учрашувда Ҳукуматнинг Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратиши ва унинг Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаши таъкидланди.

Бу йилги муҳим воқеалар - Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг Қозоғистонга ташрифи ва Алматида Кавказ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон салоҳиятини ривожлантириш минтақавий марказининг очилиши бўлди.

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов
Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

Алихан Смаилов таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакат иқтисодиёти янги шароитларга мослашиб, барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда.

Хусусан, 10 ойлик якунларига кўра ялпи ички маҳсулот ўсиши 4,9 фоизни ташкил этди. Асосий капиталга инвестициялар 12,6 фоизга ошди.

Бу келажакда, хусусан, 2024 йилда ижобий динамика учун зарур шартдир.

Шу билан бирга, Ҳукумат ва Миллий банкнинг биргаликдаги чора-тадбирларини амалга ошириш натижасида инфляциянинг сезиларли даражада секинлашиши кузатилмоқда.

Ҳукумат раҳбари халқаро рейтинг агентликлари Қозоғистоннинг мустақил кредит рейтингини сармоя даражасида тасдиқлаганини айтди.

Шунингдек, октябрь ойида Moody's агентлиги рейтинг бўйича прогнозини "барқарор"дан "ижобий"га яхшилаган.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистонда солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бюджет жараёнларини оптималлаштириш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, давлат молиясини бошқариш сифатини оширишга қаратилган янги Бюджет кодекси ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилмоқда.

“Бизнинг асосий вазифамиз - макроиқтисодий барқарорлик ва барқарор иқтисодий ўсишни янада таъминлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан биз Халқаро валюта жамғармасига доимий қўллаб-қувватлаётгани учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, - деди Алихан Смаилов.

Ўз навбатида, Николя Бланше Қозоғистонда келажакда кенг кўламли иқтисодий ўсишга эришиш учун етарли куч ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

ХВЖнинг республикадаги миссияси раҳбари Николя Бланше
Фото: Ҳукумат матбуот хизмати

 

“Биз республиканинг жадал ўсишга интилишини кўриб турибмиз ва эришилган ютуқларни ҳисобга оламиз. Кўп соҳаларда тараққиётни кўриш мумкин. Бу ўсишга қандай йўл билан эришиш жуда муҳим. Биз маслаҳат ва тавсияларимизда айнан шу усулларни кўрсатамиз. Бизнингча, хусусий сектор давлат кўмагида етакчи роль ўйнаши керак”, - деди ХВЖнинг Қозоғистондаги миссияси раҳбари.

Учрашув якунларига кўра, томонлар Қозоғистон молия секторини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Сўнгги хабарлар