Алихан Смаилов Франциянинг Orano компанияси билан энергетика лойиҳаларини муҳокама қилди
ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва Orano S.A. компанияси бош операцион директори Николя Мас энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги primeminister.kzга асосланиб хабар беради.

Учрашувда Ҳукумат раҳбари Қозоғистон ва Франция энергетика соҳасида анъанавий стратегик шериклар эканини таъкидлади.
- Orano - бу йўналишдаги муҳим ва ишончли ҳамкоримиздир. Компания Қозоғистонда 27 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Бу борада “КАТКО” қўшма корхонаси - узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг исботидир. Биз ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрмиз”, - деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида, Николя Мас Orano Қозоғистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
- Айни пайтда бизда ҳар икки томоннинг ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қиладиган йирик лойиҳалар етишмаяпти. Шу боис бугун муносабатларимизни аниқ лойиҳалар асосида янгилашни таклиф қилмоқчиман”, - деди у.
Учрашувда Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Самруқ-Қазна” АЖ ва “Казатомпром” миллий компанияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Оrano S.A. - йирик француз компанияси, француз ядро саноатининг етакчиси. Оrano S.A.нинг асосий фаолияти ядро энергетикаси билан боғлиқ: уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ва бойитиш, ядро ёқилғисини ташиш, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш ва бошқа тегишли масалалар.