Алихан Смаилов ЕОИИ мамлакатларини транзит ва транспорт инфратузилмасини биргаликда ривожлантиришга чақирди

Әлихан Смайылов
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

ALMATY. Kazinform – ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Евроосиё иқтисодий комиссияси ЕОИИ мамлакатлари билан биргаликда аниқ иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши кераклигини айтди.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири транзит ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдан иборат.

“ЕОИИ Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб чорраҳасида жойлашган бўлиб, бу ҳар доим минтақамизнинг рақобатдош устунлиги ҳисобланади. Қозоғистон транзит ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга катта аҳамият беради. Ўтган 15 йил давомида мамлакатимизда ушбу мақсадлар учун 35 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилди”, – деди Бош вазир.

Алихан Смаиловнинг таъкидлашича, Ляньюньгандаги логистика маркази, “Қорғас” қуруқ порти, Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой транзит магистрали, Хитойдан Эронга темир йўл коридорини қуриш, “Қуриқ” ва “Ақтау” денгиз портларини модернизация қилиш каби йирик инфратузилма лойиҳалари ишга туширилди. Шунингдек, “Бақти-Аягўз”, “Дарбаза-Мақтаарал” йўналишларида янги темир йўл линиялари қурилиши бошланди, “Достиқ-Мойнти” участкасида иккинчи йўл ётқизилмоқда.

Бундан ташқари, Хитойнинг Сиань қуруқ портида Қозоғистон терминали қурилиши бошланди. Улар Россия, Туркманистон, Ҳиндистон ва Эрон билан ҳамкорликда “Шимол-Жануб” коридорининг шарқий йўналишини синхрон ривожлантириш устида ишламоқда.

“Биз мамлакатларимизнинг халқаро йўлаклари, логистика терминаллари ва пунктлари сиғимини янада ошириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Мен ЕОИИнинг барча давлатларини транзит ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қиламан”, – деди Алихан Смаилов.

Сўнгги хабарлар