Ақтўбеда қизамиқ вируси билан касалланганларга яна бир даволаш муассасаси берилди
Ақтўбеда қизамиқ кўпаймоқда. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ўринлари тўлган, “Шағала” соғломлаштириш марказида эса 80 ўрин яратилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Ақтўбе вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 800 дан ортиқ одам қизамиқ билан касаллангани аниқланиб, уларга турли муолажалар берилди. Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 81 нафар фуқаро даволанмоқда. Уларнинг аксарияти болалардир.
“Бугунги кунда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 81 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 68 нафари болалар, қолганлари катталардир. Февралдан бери жами 828 кишида вирус аниқланган. Бир киши Туркиядан юқтириб келди ва вирус кўпайишда давом этмоқда. Эпидемия ҳолати туфайли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 75 ўрин мавжуд. “Шағала” оромгоҳида яна 80 ўрин очилди. Агар болалар касалликдан осон ўтиб кетса, биз уларни уйига жўнатамиз. Агар ларингит, фарингит, бронхиолит, пневмония бўлса, болалар касалхонага ётқизилади. Туманларда вазият барқарор. 15 нафар бемор бор. Улар Байғанин, Ирғиз, Муғалжар туманларида”, – деди Ақтўбе вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустем Исаев.
Эпидемиологлар ва шифокорлар вакцина қабул қилишга чақирмоқда. Вилоятга 30 минг доза вакцина етказиб берилди. Бунинг учун республика бюджетидан 90 миллион тенге ажратилган.
“Вакцинани олмаган одамлар эмланмоқда. Шу билан бирга, эмлаш тадбирида 55 ёшгача бўлган тиббиёт ходимлари иштирок этадилар. Вирус ноябрь ойининг ўрталарида унинг энг юқори чўққисига чиқиб, кейин пасайиши кутилмоқда. Чунки эмланган одамларнинг иммунитети вирусга икки ҳафтадан кейингина бардош бера олади. Ҳозирда эмланмаган болалар кўп. Кўпгина ота-оналар диний эътиқодни биринчи ўринга қўйишади ва фарзандларини эмлашга қарши. Тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, – деди Рустем Исаев.