Ақтўбе шаҳрида очилган Heriot-Watt университети филиалида 300 нафар талаба таҳсил олади
Қасим-Жомарт Тоқаев Heriot-Watt университетининг Ақтўбе шаҳридаги филиалига ташриф буюрди, дея хабар беради Каzinform Ақордага таяниб.


Президент Ақтўбе вилоятига амалий ташрифи доирасида олий таълим муассасасининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти билан танишди.

Таълим даргоҳида мамлакатнинг 9 вилоятидан 300 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 35 фоизини қишлоқ мактаблари битирувчилари, 42 фоизини кам таъминланган оилалар фарзандлари ташкил этади.

Мазкур филиал Давлат раҳбарининг олий таълим тизимини қайта қуриш тўғрисидаги топшириғини бажариш мақсадида Қудайберген Жубанов номидаги Ақтўбе вилоят университети негизида очилган.

Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, электротехника, нефть муҳандислиги ва энергетика менежменти, компьютер инжиниринги йўналишларида ўқитиш инглиз тилида олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарига талабалар Heriot-Watt университетининг Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Шотландиядаги филиалларида ўқишни давом эттириш имкониятига эга экани маълум қилинди.

Филиал битирувчилари Heriot-Watt университети ва Қудайберген Жубанов номидаги Ақтўбе ҳудудий университети дипломларини биргаликда олишади.

Давлат раҳбари илм-фан ютуқларига бағишланган кўргазмани томоша қилиш чоғида олий таълим муассасаси олимларининг табиий фанлар, техника ва гуманитар фанлар йўналишидаги ишланмалари билан танишди.

