Ақтўбе шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг Бош консуллиги очилди
AQTÖBE. Кazinform - Ақтўбе шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг Бош консуллиги очилди. Очилиш маросимида ХХРнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо иштирок этди.

Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо дастлаб вилоят ҳокими Асхат Шахаров билан учрашди. Учрашувда иқтисодиёт, савдо ва маданий алоқалар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят раҳбари Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганига эътибор қаратди. Ақтўбе вилоятида хитойлик ишбилармонлар иштирокидаги 70 дан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ақтўбе вилоятининг ушбу давлат билан ташқи савдо айланмаси 2024 йилнинг январь-май ойларида 472,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан (402,2 миллион доллар) ошиб кетди. Экспорт ҳажми 401,6 миллион АҚШ долларига (ўтган йили 325,8 миллион долларга нисбатан) ошди. Асхат Шаҳаров Хитой сармоявий ҳамжамиятини қўшма лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришга чақирди.
Кейинроқ Ақтўбе вилояти ҳокими ва ХХРнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо ХХР Бош консуллигининг очилиш маросимида иштирок этди.

- Бу кун, шубҳасиз, Хитой-Қозоғистон муносабатлари йилномасига ёзилади. Икки давлат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш йўлида қилинган қадам, дейиш ҳам мумкин. ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Қозоғистонга давлат ташрифидан сўнг Бош консулликнинг очилиши икки давлат ўртасида ишбилармонлар ва сайёҳларнинг кўпайишига хизмат қилади. Шунингдек, 2025 йил Қозоғистонда Хитой туризми йили бўлишига келишиб олингани ҳам маълум. Шу боис сармоя кўпаяди ва кўплаб хитойлик сайёҳлар келиши учун имконият яратилади. Ўтган йили Хитой Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 41 миллиард долларни ташкил этди. Бу йил эса биринчи ярим йилликда яна 18 фоизга ошди. Ақтўбедаги Бош консуллик бу ишни давом эттиради, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлайди, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқаларни оширади, - деди ХХРнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо.
Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров ҳам тадбирнинг муҳимлигини таъкидлади.

-Икки давлат - стратегик шерик ва дўстона муносабатлар мустаҳкам ўрнатилган. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги учрашув бунинг исботидир. Биламизки, бугунги тадбир ўша учрашувдаги келишувнинг давоми ҳисобланади. Бу ишбилармонлик, савдо-иқтисодий алоқалар ва туризмга ижобий таъсир кўрсатади. Ишонамизки, муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб боради. Худди шундай консуллик Сиань шаҳрида ҳам очилган. Консуллик алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, - деди Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров.
Қайд этиш керакки, Ақтўбе шаҳрида мувофиқлаштириш пункти ҳам иш бошлайди.