Ақтауда ноёб азотли ўғит ишлаб чиқариш мажмуаси қурилади

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва Tecnicas Reunidas компанияси ижрочи раиси Хуан Лиадо
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

Кимё ва нефть-кимё саноатида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Tecnicas Reunidas компанияси ижрочи раиси Хуан Лиадо муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги primeminister.kzга таяниб.

Учрашувда Бош вазир Испания Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири эканлигини таъкидлади. Хусусан, ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга ошди.

Айни пайтда сармоявий ҳамкорликда алоҳида истиқболлар очилмоқда. Умуман олганда, 2005 йилдан бери Испания компаниялари Қозоғистонга 300 миллион долларга яқин сармоя киритган. Испаниянинг етакчи брендлари, жумладан Maxam, Inditex, Pronovias ва бошқалар республикада кенг намойиш этилган. 

“Биз Tecnicas Reunidas компанияси билан “КазАзот” ва “КазМунайГаз” компаниялари Ақтау шаҳрида янги аммиак-карбамид мажмуаси, шунингдек, Атирау вилоятида полиэтилен ишлаб чиқариш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни олқишлаймиз”, - деди Алихан Смаилов.

Унинг таъкидлашича, аммиак-карбамид комплекси қурилиши Қозоғистон учун янги маҳсулот - карбамид ишлаб чиқариш имконини беради. Бу деярли ҳар қандай тупроқ учун мос азотни ўз ичига олган ноёб ўғитдир.

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва Tecnicas Reunidas компанияси
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

Шу билан бирга, йирик полиэтилен ишлаб чиқариш мажмуасининг барпо этилиши Қозоғистон иқтисодиётини янада диверсификация қилишга катта ҳисса қўшади.

— Юқори қўшимча қийматга эга бундай лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши биз учун муҳим. Ҳукумат ўз навбатида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр”, - деди Бош вазир.

Ўз навбатида, Хуан Лиадо Қозоғистонда ишлаш имкониятидан мамнунлигини, ҳамда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.

ҚР Бош вазири Алихан Смаилов ва Tecnicas Reunidas компанияси ижрочи раиси Хуан Лиадо
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

 

“Биз бир неча ой олдин ушбу иккита муҳим лойиҳа устида иш бошладик. Сизни ишонтириб айтаманки, биз маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда энг яхши ечимларни излаймиз ва самарали қурилишни таъминлаймиз. Биз муваффақиятга эришиш учун ҳамма нарсани қиламиз", - деди Tecnicas Reunidas ижрочи раиси.

Tecnicas Reunidas - Испаниянинг саноат лойиҳаларини лойиҳалаш ва амалга оширишга ихтисослашган компанияси. Фаолият йиллари давомида 60 дан ортиқ мамлакатларда 1 мингдан ортиқ саноат корхоналарини лойиҳалаштирган ва қурилишига раҳбарлик қилган.

2020 йилда Tecnicas Reunidas Астанада офисини очди. Бундан ташқари, 2002-2004 йилларда компания Қозоғистон Республикасининг нефть ва газ саноатида муҳандислик ишлари билан шуғулланган.

Сўнгги хабарлар
telegram