Ақтау турк дунёсининг маданий пойтахти бўлади
2025 йилда Атау турк дунёсининг маданий пойтахтига айланади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг ТУРКСОЙ халқаро ташкилотидаги вакили Бақитжан Омаров маълум қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги.

Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирлари йиғилишида муҳим қарор қабул қилинди.
“Ушбу йиғилишда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан ташқари Шимолий Кипр ва Туркия ҳам ўзини тақдим этди. Аммо Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри кўпчилик овоз билан ғалаба қозонди. Турк дунёси театр фестивали, санъаткорлар йиғилиши, яъни турк дунёси билан боғлиқ барча маданий тадбирлар Ақтау шаҳрида бўлиб ўтади. Маданий пойтахтнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари учун катта концерт ташкил этилади. ТУРКСОЙ ташкилотининг 2024 йил бошида бўлиб ўтадиган 41-йиғилишида Ақтау шаҳри маъмурияти йиғилишга келиб, ўз тақдимотини ўтказиши керак”, — деди Бақитжан Омаров “Манғистау” телеканалига берган интервьюсида.
Каспий соҳилида тўпланиш ва турли тадбирлар ўтказиш минтақанинг туризм салоҳиятини оширади. Бунгача мамлакатдаги турк дунёсининг маданий пойтахтлари Астана ва Туркистон бўлган.