Ақтўбе вилоятида Бухоро-Урал газ қувурининг учинчи тармоғи қурилиши бошланди

Хромтау туманида бўлиб ўтган лойиҳанинг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Ақтўбе вилояти ҳокими Ерали Тўғжанов иштирок этди. Вилоят раҳбари умумий қиймати 43 миллиард тенге бўлган мазкур лойиҳа вилоятни янада иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, Ақтўбе шаҳридаги янги саноат корхоналари ва турар-жой массивларини, аҳоли пунктларини газлаштиришда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Давлат раҳбарининг кўмаги туфайли вилоят учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган лойиҳани амалга оширишга киришдик.
Мавжуд газ таъминоти қувурлари ўтган асрнинг 60-80-йилларида қурилган. Бугунги кунда ҳудуднинг фаол ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши туфайли газ таъминоти қувватларини ошириш талаб этилади. Айни пайтда Ақтўбе шаҳри, унга туташ аҳоли пунктлари ва саноат объектларини газ билан таъминлаш «Бухоро-Урал» магистрал газ қувуридан амалга оширилмоқда. Газ қувурининг янги учинчи тармоғининг қуввати соатига 526 минг куб метрни ташкил қилади. Газ ҳажми минтақани ривожлантиришга йўналтирилади. Бу лойиҳани имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширишни якунлаш зарур», — деди Ерали Тўғжанов.
Газ қувурининг учинчи тармоғининг умумий узунлиги 165 километр бўлиб, йиллик қуввати 2,4 миллиард куб метрни ташкил қилади. Қурилишда 330 дан ортиқ киши иш билан таъминланади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 17 ой, бироқ пудратчи 2024 йилда ишни муддатидан олдин якунлашни ваъда қилмоқда. Қайд этилишича, янги газ қувури тармоғининг қуввати Ақтўбе вилоятининг 50 йиллик эҳтиёжларини қоплайди. Шу билан бирга, унинг қурилиши яқин йилларда умумий қиймати 3 триллион тенгега тенг 30 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имконини беради.