АҚШда кучли торнадо 30 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Нэшвилдаги Миллий об-ҳаво хизматининг хабарига кўра, Теннесси штатида торнадо Уэйн, Льюис, Макнейри, Хардин ва Шелби округларида камида 13 киши ҳалок бўлди.
Бирмингемдаги Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, торнадо Алабама штатининг Марион ва Уинстон округлари орқали ўтган, у ерда Мадисон округида бир аёл ҳалок бўлган.
Арканзас штатида торнадо 2600 га яқин бинони вайрон қилди ва 50 га яқин аҳоли саломатлигига зарар етказди. Улар турли даражадаги жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Кросс ва Пуласки округларида беш киши ҳалок бўлди. Арканзас губернатори якшанба куни фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Индиана штатида учта торнадо қайд этилгани муносабати билан у ерда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Расмийларга кўра, Оуен ва Салливанда беш киши ҳалок бўлган.
Чикагодаги Миллий об-ҳаво хизмати Иллинойс штатида 12 та торнадони тасдиқлади. Штатда 4 киши ҳалок бўлди. Бун округидаги концерт вақтида том қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 48 киши жароҳатланди, улардан беш нафарининг аҳволи оғир. Кроуфорд округида уйнинг қулаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси баёнотида айтилишича, Делавэр штатидаги Сассекс округида бир киши ва Миссисипи штатидаги Понтоток округида бир киши ҳалок бўлган, тўрт нафар фуқаро эса об-ҳаво туфайли оғир жароҳатланган.
Расмийлар Маршалл округи, Айова, Резерфорд ва Каннон округлари (Теннесси) ва Миссури штатининг Макон округида торнадо етказган зарарни баҳоламоқда.
АҚШ президенти Жо Байден якшанба куни зарар кўрган штатлар расмийлари билан алоқада эканлигини ва ўз маъмуриятига ҳудудларни тиклаш учун зарур ёрдам кўрсатишни буюрганини айтди.
Кадр из видео: nbcnews.com