АҚШда хитойлик муҳандис жосуслик учун 8 йилга қамалди
31 ёшли Цзи Чаокун ўтган йилнинг сентабрида Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги агенти сифатида ноқонуний фаолият олиб борган ва АҚШ ҳарбийларига ёлғон маълумот берганликда айбланган.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Цзи зиммасига Хитой разведка хизматлари учун АҚШ муҳандислари ва олимлари ҳақидаги биографик маълумотларни тўплаш ва уларни жосус сифатида жалб этиш вазифаси юкланган. 2016 йилда Цзи Иллинойс технология институтини тамомлаганидан бир йил ўтиб, АҚШ армияси резервига кирди. Бу унга Америкада иш топишга имкон берди.
Цзи ўз аризасида сўнгги 7 йил ичида хорижий ҳукуматлар билан ҳеч қандай шартнома тузмаганлиги ҳақида ёлғон баёнот берган. Шунингдек, у Хитой разведкаси вакиллари билан алоқаларини яширган.
2018 йилда Цзи ўзини Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги вакили сифатида кўрсатиб, АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораси агенти билан бир неча бор учрашган. Учрашувлар давомида у ҳарбий гувоҳномаси ёрдамида «Рузвельт» тоифасидаги авиаташувчи кемага кириб, суратга тушиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, Цзи АҚШ фуқаролигини олгандан кейин АҚШ Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси ёки НАСАда иш излашини таъкидлади.
Цзи Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг Цзянсу департаменти директори ўринбосари Сюй Яньццюня қўл остида ишлаган, у ўтган йили АҚШнинг бир қанча авиация ва аэрокосмик компанияларидан тижорат сирларини ўғирлаш бўйича яширин операцияда иштирок этгани учун 20 йилга қамалган. Сюй Бельгияда қўлга олинган ва ФҚБ терговлари натижасида судга тортилиши учун АҚШга экстрадиция қилинган биринчи хитойлик жосус бўлди.
Фото: Liu Jie/Xinhua/Getty Images
Муаллиф: Рустем Қожибаев