АҚШ яна Ямандаги хусийлар нишонларига зарба берди
ASTANA. KAZINFORM - Чоршанба куни Қўшма Штатлар Яман хусийлари нишонларига ҳужум қилишни давом эттирди, бу эса Эронга иттифоқчи хусий жангариларининг Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги кемаларга қилган ҳужумларига жавоб бўлди, дея хабар беради "Америка Овози" радиоси.

Хусийларнинг ҳужумлари Осиё ва Европа ўртасидаги савдони секинлаштирди ва йирик давлатлар орасида ваҳима қўзғатди.
Яманнинг кўп қисмини назорат қилаётган хусийлар Ғазо секторидаги фаластинликлар билан бирдамликда ҳаракат қилаётганликларини айтишди ва АҚШ ҳамда Буюк Британиянинг зарбаларига жавобан ўтган ҳафта АҚШ кемаларини нишон рўйхатига киритиш билан таҳдид қилишди.
Аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Ямандаги хусий исёнчилар назорати остидаги ҳудуддан учирилган учувчисиз самолёт Адан кўрфазида АҚШга тегишли кемани уриб туширганини маълум қилганди.
Ҳужум натижасида қурбонлар йўқ. Фақат кичик зарар ҳақида хабар берилган.
АҚШ Марказий қўмондонлигига кўра, шикастланган кема “АҚШга тегишли ва Маршалл ороллари байроғи остидаги юк ташувчиси” Genco Picardy бўлган.
Жангарилар шу ҳафта Қизил денгиз минтақасида АҚШ кемасига навбатдаги ҳужум уюштирганини даъво қилгандан сўнг, Қўшма Штатлар чоршанба куни хусийларни яна террорчи гуруҳлар рўйхатига киритди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Буюк Британия самолётлари ҳамда ҳарбий кемалари жума куни кечқурун Ямандаги исёнчи хусий гуруҳига зарба беришни бошлаган эди.
Хусийлар кимлиги ва нима учун Исроилга кетаётган кемаларга ҳужум қилишлари ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
Япониянинг йирик юк ташувчи компаниялари минтақадаги вазият ёмонлашгани сабабли Қизил денгиз орқали юк ташишни бутунлай тўхтатди.