АҚШ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда
Энтони Блинкеннинг Исроил ҳукумати аъзолари, Фаластин маъмурияти ва Миср раҳбарияти билан учрашуви чоғида минтақадаги кескинликни пасайтириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун ҳар бир томон кўриши мумкин бўлган амалий қадамлар ҳақида конструктив ғоялар муҳокама қилинди.
Э.Блинкен низолашаётган томонларни зўравонликларнинг янада кучайишига йўл қўймаслик ва тинчлик ўрнатиш чораларини кўришга чақирди.
АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари жорий йилнинг 29 январ куни Нева Яаковдаги синагога яқинида содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлганларга ҳамдардлик билдирди.
АҚШ БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигига яна 50 миллион доллар ажратишини маълум қилди.
Бу маблағлар мамлакат аҳолисини озиқ-овқат, ваксиналар ва таълим билан таъминлашга йўналтирилади. Охирги икки йил ичида АҚШнинг фаластинликларга берган молиявий ёрдамининг умумий миқдори қарийб 940 миллион долларни ташкил қилган.
Блинкен, АҚШ тинчликни мустаҳкамлаш, фаластинликлар ва исроилликлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Қайд этилишича, президент Байден маъмуриятининг сиёсати икки халқ учун икки давлат концепциясини сақлаб қолиш ва амалга оширишга қаратилган.
Муаллиф: Зарина Туғанбаева