АҚШ ва Хитойда ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошди

None
ASTANA. Kazinform – Дунёнинг бир қанча мамлакатлари ғайритабиий юқори ҳароратдан азият чекмоқда. Бундан ташқари, Европа жанубида, шунингдек, АҚШ ва Хитойда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 50 даражадан ошди, дея хабар беради Kazinform ВВCга таяниб.

Синоптиклар ҳафта ўрталарида ҳаво ҳарорати ошишини тахмин қиляпти.

Чоршанба куни Италия жанубидаги Сардиния оролида ҳаво ҳарорати 46°C га, жанубий Италиянинг материк қисмида эса 43°C га етиши кутиляпти.

Охирги прогнозга кўра, максимал ҳарорат Испания жанубида 46°, Франция жанубида эса 40° даражага етади.

АҚШнинг жануби-ғарбий қисмида ҳам иссиқ бўлади. Метеорологлар 38 та шаҳарда ҳарорат рекордлари янгиланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, якшанба куни Невада штатидаги Лас-Вегас шаҳрида ҳаво ҳарорати 46,6°C га етган.

Аризона штатининг Феникс шаҳрида рекорд даражадаги ҳарорат 47,2 даражага етиши кутиляпти.

Якшанба куни энг юқори ҳарорат Калифорниянинг Ўлим водийсида қайд этилди. Сайёрадаги энг иссиқ жойлардан бирида ҳарорат 53,9°С га етди.

Мутахассисларнинг фикрича, иссиқлик тўлқинининг асосий муаммоси ҳаво ҳароратининг кундузи кўтарилиши эмас, балки кечаси етарлича пасаймаслигидадир.

Яқин келажакда Аризонада тунги ҳарорат 32°C дан пастга тушиши кутилмайди.

Британия метеорология маркази маълумотларига кўра, Хитой якшанба куни мамлакат тарихидаги энг юқори ҳароратни қайд этди – Шинжон вилоятида термометр кўрсаткичи 52,2°C гача кўтарилди.

Жанубий Кореяда об-ҳавонинг кескин ўзгариши кучли ёмғир, кўчки ва сув тошқинларига сабаб бўлди, Японияда эса камида 60 киши ҳалок бўлди.

Япония оролларидаги рекорд ҳарорат (41,1°C) 2018 йилда Кумагая шаҳрида қайд этилган. Бу йил ёзда аввалги рекорд янгиланиши ҳам мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган бўлими бўлган Жаҳон Метеорология Ташкилоти Ўрта ер денгизи минтақасида жазирама шу ҳафтанинг ўрталарида кучайиб, август ойигача давом этиши ҳақида огоҳлантирди.

Келгуси ҳафта Марокашда ҳаво ҳарорати 49°C га етиши мумкин.

Сўнгги хабарлар
telegram