АҚШ президентининг ўғли ноқонуний қурол сақлашда айбдор деб топилди

Хантер Байден
Фото: CNN

ASTANA. Kazinform – АҚШ президентининг ўғли Ҳантер Байден қурол-яроғ сақлаш қоидаларини бузганликда айбдор деб топилди. У 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Жо Байден ўғлини қўллаб-қувватлади, деб ёзади CNN.

Судьялар ҳайъати АҚШ президентининг ўғли Ҳантер Байденни қурол-яроғ сақлаш қоидаларини бузишда айбдор деб топди. Америка тарихида биринчи марта амалдаги президентнинг фарзанди оғир жиноятда айбланди.

Прокуратурага кўра, 54 ёшли Ҳантер Байден 2018 йилда тўппонча сотиб олаётганда рўйхатга олиш органларига ёлғон маълумот берган. У, хусусан, ариза бланкаларида гиёҳванд моддаларга қарамлиги ҳақида ёлғон гапирган.

Кейинчалик Ҳантер қуролни ташлаб юборган, у Делавэр штатининг Гринвилл шаҳридаги озиқ-овқат дўконида топилган ва терговга сабаб бўлган. Якунда терговчилар президентнинг ўғли сотиб олиш пайтида тўлдирган ҳужжатларнинг тагига етди.

Ҳантер 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин, аммо CNN максимал жазони даргумон деб атамоқда, чунки бу унинг биринчи жиноий ҳаракати.

Ҳукм санаси ҳали белгиланмади, лекин одатда 120 кун ичида, яъни октябрь ойининг ўрталарига яқин чиқади, дея аниқлик киритди телеканал.

Жо Байден ҳукмга муносабат билдириб, гиёҳвандликни енгган ўғлини қўллаб-қувватлади.

«Мен президентман, лекин мен отаман ҳам. Жилл ва мен ўғлимизни яхши кўрамиз ва бугун у билан жуда фахрланамиз… Мен бу ишнинг натижасини қабул қиламан ва Ҳантер апелляция шикояти беришни кўриб чиқаётган пайтда суд жараёнини ҳурмат қилишни давом эттираман», – деди у.

Сўнгги хабарлар
telegram