АҚШ Марказий Осиёнинг киберхавфсизлигига 5 миллион доллар ажратди
ASTANA. Kazinform - АҚШ Марказий Осиё давлатларига киберхавфсизлик ва рақамли секторни қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион доллар миқдорида хорижий ёрдам ажратди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Марк Кэмерон маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Маблағлар Американинг Фуқаролик тадқиқотлари ва ривожланиш жамғармаси (CRDF Global) орқали ажратилади.
“Биз CRDF Global орқали Марказий Осиёнинг киберхавфсизлиги ва рақамли секторини қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион доллар миқдорида хорижий ёрдам ажратдик. Биз кибергигиена даражасини ошириш, киберинцидентларга жавоб қайтариш тизимини такомиллаштириш, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, молия сектори хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва киберхавфсизлик соҳасидаги сиёсатни ривожлантиришга кўмаклашиш ниятидамиз. Бу Марказий Осиёнинг янада хавфсиз ва ҳимояланган рақамли келажагини яратишга қаратилган комплекс ишдир”, — деди у Астанада бўлиб ўтган C5+1 SI конференциясида.
Кэмероннинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатларидаги стартаплар грантлар кўринишида молиявий ёрдам олиши мумкин.
“Ушбу маблағлар стартапларни қўллаб-қувватлаш ва сунъий интеллект тизимларини ривожлантириш учун мўлжалланган. Молиялаштириш грантлар шаклида амалга оширилади, чунки бу соҳада айнан хусусий компаниялар етакчи роль ўйнайди, деб ҳисоблаймиз”, — деди у.
Муаллиф: Адия Абубакир