АҚШ компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси активларини бошқаради
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси ва “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК ўртасида инвестиция активларини бошқариш бўйича ишончли бошқарув шартномаси имзоланди, деб хабар беради Kazinform ЎР Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, мазкур шартнома Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвесторларни жалб этиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шартномага кўра, Franklin Templeton жамғармага тегишли бўлган 18 та давлат корхонаси ва тижорат банклари акцияларидан иборат инвестицион портфелни бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади.
Мазкур трансформация дастурлари амалга оширилгандан сўнг жамғарма ҳамда унинг бошқарувидаги корхоналар ва банклар акциялари маҳаллий ва халқаро фонд биржаларига олиб чиқилади.
Бунинг учун, Franklin Templeton томонидан жамғармага тегишли давлат корхоналари ва тижорат банклари стратегияларини қайта кўриб чиқиш, уларда корпоратив бошқарув тизими, молиявий самарадорлиги, ички аудит ва рискларни бошқариш тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, ходимлар малакасини оширишга қаратилган трансформация дастурлари амалга оширилади.
Franklin Templeton Сингапурдаги “Franklin Templeton Capital Holdings Private Limited” компанияси томонидан ташкил этилган. Ўз навбатида, ушбу компания дунёдаги энг йирик профессионал активларни бошқарувчи компанияларидан бири бўлган, Америка Қўшма Штатларида 1947 йилда ташкил топган ва бугунги кунда 30 тадан ортиқ мамлакатларда фаолият юритаётган “Franklin Templeton Investments, Inc.” шўъба корхонаси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда январь ойида 277000 киши ишга жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.