АҚШ Хитойдан келадиган товарлар учун тарифни кескин оширди
Қўшма Штатлар Хитойдан электромобиллар, чиплар, қуёш панеллари, муҳим минераллар, яримўтказгичлар ва бошқа “стратегик” товарлар импортига тарифни сезиларли даражада оширмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги Оқ уй матбуот хизматига таяниб.

Жо Байден ўзидан олдинги президент Дональд Трамп томонидан қўйилган тарифларни сақлаб қолди, шу билан бирга бир қисмини оширди. Улар 2024 йилдан 2026 йилгача босқичма-босқич кучга киради.
Жорий йилда электромобиллар учун тарифларни 25 фоиздан 100 фоизга, қуёш батареялари учун 25 фоиздан 50 фоизга, айрим пўлат ва алюминий маҳсулотларга 7,5 фоиздан 25 фоизга, электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторларга 7,5 дан 25 фоизгача оширишни режалаштирмоқда.
Келгуси йилга келиб яримўтказгичлар бўйича тарифлар 50 фоизни ташкил қилади, айрим тиббий маҳсулотлар, жумладан, шприц ва игналар бу йил нолдан 50 фоизга кўтарилади. Табиий графит ва магнитларга тарифлар ҳам 2026 йилда нолдан 25 фоизгача ошади.
Reuters хабарига кўра, Хитой Савдо вазирлиги Хитой тарифларнинг оширилишига қарши эканлигини ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун чора кўришини маълум қилган ва АҚШни чораларни бекор қилишга чақирган.