Ақордада сув тошқинларига қарши курашда фаол иштирок этган фуқаролар тақдирландилар

Тоқаев
Фото: Ақорджа

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари сув тошқинларига қарши курашда фаол иштирок этган фуқароларни тақдирлаш маросимида нутқ сўзлади.

Президент, аввало, бу ҳозиргача содир бўлган энг ҳалокатли табиий офат эканини таъкидлади. Қозоғистоннинг 10 та ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Умуман, мамлакат бўйлаб 19 мингдан ортиқ уй сув остида қолган.

– Қийин пайтда мамлакатимиз катта бирдамлик кўрсатди. Табиий офат пайтида халқ бўлиб сафарбар бўлдик. Биз яхлит эл эканимизни кўрсатдик. Қутқарувчилар, ҳарбийлар, ички ишлар органлари ва бошқарув ходимлари кечаю кундуз ишлади. Улар Ватан олдидаги бурчларини беғараз бажардилар. Бир сўз билан айтганда, қасамёдига содиқ бўлди, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев сув тошқинларига қарши курашда куч тузилмаларининг 63 мингдан ортиқ ходими иштирок этганига эътибор қаратди. Қутқарув операцияси давомида 120 мингдан ортиқ аҳоли, жумладан, 40 минг болалар хавфсиз жойга кўчирилди.

– Бу қутқарувчилар ва учувчиларнинг машаққатли меҳнати самарасидир. Абиш Кекилбаев “Ватанини севган фуқаронинг энг катта қайғуси ўз халқи тақдиридан четда қолишидир”, деган эди. Миллий кўнгиллилар тармоғи табиий офатдан кейин айниқса фаол бўлди. 50 мингдан ортиқ кўнгилли ёрдам карвонларини уюштирди. Улар табиий офат юз берган ҳудудларга озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсаларни етказиб беришда иштирок этди. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг “Юракдан юракка” акцияси умумий ишни амалга оширишга катта ҳисса қўшди, - деди Давлат раҳбари.

Давлат раҳбари Кентау шаҳрида яшовчи Гауҳар Шаймерден исмли ўқувчи қизнинг ота-онасига ватанпарвар авлод тарбияси учун миннатдорлик билдирди. У йиғиб юрган пулларини қулсариликларга ўтказиб берган эди. Шу билан бирга, Атирау вилояти турғуни – тўқсон ёшдан ошган Ўринша Тўхтабоққизи ва Алия Дўсмухановаларнинг савобли меҳнатини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, Президент кўрсатган ёрдами учун қардош давлатлар, халқаро компания ва ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

- Ҳақиқий дўстлик қийинчиликларда синовдан ўтади, бежиз айтилмайди. Айрим чет эл фуқаролари жабрланганларга ёрдам бериш учун келган. Фурсатдан фойдаланиб, оғир дамларда қўллаб-қувватлаган хорижлик ҳамкорлар ва дўстларимизга самимий миннатдорчилик билдираман, – деди Давлат раҳбари.

Президент таъкидлаганидек, сув тошқинлари даврида халқ ўзининг бирдамлик ва ҳамжиҳатлиги мустаҳкам эканини кўрсатди.

– Катта сув тошқинлари юз берганда ҳамюртларимиз табиий офатга қарши курашаётган қутқарувчиларга қўлини чўзди. Улар сув босган ҳудудлардаги масъул хизмат кўрсатиш муассасаларига ёрдам бериб, фидойилик, мардлик кўрсатдилар. Кўпчилик одамлар ва ҳайвонларни ўз машиналарида хавфсиз жойга олиб кетишди. Минглаб хайрихоҳ фуқаролар тошқинларга қарши тўғонларини қуришда иштирок этди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли биз вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймадик, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари ўзини чинакам ватанпарвар, масъулиятли фуқаро сифатида кўрсатган кўнгиллилар меҳнатини юксак баҳолаб, уларни замона қаҳрамонлари, деб атади.

– Кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Маълумки, мен 2020 йилни Кўнгиллилар йили деб эълон қилдим. Бу даврда мамлакатда кўнгиллилар фаолияти мутлақо янги босқичга кўтарилди. Кўнгиллилар саъй-ҳаракати билан муҳим ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилди. Энг муҳими, одамларда давлат ва жамият ҳаётида иштирок этишга, инсоний қадрият ва фазилатларга мослашишга интилиш уйғотдик. Мамлакатимиздаги ҳар томонлама уйғонишларнинг ҳаракатлантирувчи кучи инсондир. Ишончим комилки, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун мамлакатнинг барча фуқаролари ўз кучларини бирлаштириши керак, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент “Қозоғистон халқига” жамғармасидан бошпанасиз қолганларга уй-жой қуриш учун маблағ ажратилганини айтди. Жами 2200 дан ортиқ уй қурилади. Шунингдек, 10 мингга яқин уй-жой капитал таъмирланади.

– Сув ошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун бир қатор тадбиркорларимиз томонидан катта маблағ ажратилди. Улар доимо ўз ватанлари билан бирга эканликларини исботладилар. Бу миллат манфаати учун масъулиятли тадбиркорликдир. Албатта, ёрдам қўлини чўзмаган тадбиркорлар кўп ва биз уларнинг кимлигини жуда яхши биламиз. Биз ҳеч кимни мажбурламадик. Ҳар ким ўз танловини қилди, - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Киевда қозоғистонлик журналистга қилинган суйқасд юзасидан ўз фикрини билдирди.

– Мамлакатимизда қонун устуворлигини мустаҳкамлаяпмиз, яъни, энг аввало, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифадир. Бу масала бўйича менинг нуқтаи назарим аниқ. Сизлар буни жуда яхши биласизлар. Қозоғистонда қонун ва тартиб ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. Бинобарин, жамиятдаги барча қарама-қаршилик ва келишмовчиликлар фақат ҳуқуқий нуқтаи назардан, яъни тегишли қонунчилик ва асосий халқаро меъёрлар асосида ҳал этилиши керак. Кеча Киевда Қозоғистон фуқароси Айдос Садиқовга нисбатан содир этилган жиноятга ҳам худди шу нуқтаи назардан қараш керак. Бу воқеа юзасидан дипломатик каналлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали расмий суриштирув ўтказиш бўйича аниқ топшириқлар бердим. Яна шуни айтмоқчиманки, агар керак бўлса, Қозоғистоннинг расмий органлари ишнинг тафсилотларини аниқлашга ёрдам бериш учун терговда иштирок этишга тайёр, - деди президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқини якунлаб, табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этган ҳар бир фуқарога самимий миннатдорчилик билдирди.

— Ҳаммангизга маълум, ҳозир «Таза Қазақстан» акцияси бошланди. Бу жуда муҳим ижтимоий ва ҳатто сиёсий лойиҳадир. Унинг пировард маъноси – миллатни бир ишда уюштириш, юртимизни ободонлаштириш, халқимизда янгича экологик онгни ривожлантиришдир. Бунинг учун аввало сизлардек ҳалол инсонлар катализатор бўлади. Ватан учун қилинган меҳнат, жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Шундай экан, бугунги мукофотни халқнинг сизларга бўлган улкан миннатдорчилиги сифатида қабул қилиш керак, - деди Президент.

Тақдирлаш маросимида «Зағиптар арманы» ногиронлар жамоат бирлашмаси иш юритувчиси Алия Досмуханова, “Основание” масъулияти чекланган жамияти экскаватори Владимир Царик, “Қазсушар” республика давлат корхонаси Ақтўбе филиали сув таъминотини тартибга солувчи ходими Шинғистау Абдиевлар сўзга чиқдилар.

Шундан сўнг Давлат раҳбари сув тошқинларига қарши тадбирларда фаол иштирок этган бир гуруҳ қутқарувчилар, кўнгиллилар ва жамоат фаоллари, ҳарбий хизматчилар ва шифокорлар, оддий меҳнаткашлар ҳамда тадбиркорлар ва йирик бизнес вакилларини тақдирлади.

Сўнгги хабарлар
telegram