Air Astana IPOдан 370 миллион доллар даромад олди
ASTANA. Kazinform - Air Astana компаниялар гуруҳи бир вақтнинг ўзида учта биржада акцияларини жойлаштирди. Булар Қозоғистон фонд биржаси (KASE), Астана халқаро биржаси ва Лондон фонд биржасидир, деб хабар беради Кazinform мухбири.

— IPO жараёнида (акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш – муҳаррир эслатмаси) жами йиғилган маблағ қарийб 370 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Чакана инвесторлар аризаларининг 97,8 фоизи тўлиқ қаноатлантирилди, — дейилади Air Astana хабарида.
Таклифларнинг 58 фоизи Қозоғистон бозорига, 42 фоизи халқаро бозорга жойлаштирилди. Қозоғистон бозоридаги умумий талаб 483 миллион АҚШ долларидан ошди. Чакана инвесторлар Air Astana IPO учун 60 000 га яқин таклифлар юборган, уларнинг умумий қиймати тахминан 216 миллион долларни ташкил қилади. Чакана инвесторларнинг умумий талабининг қарийб 53 фоизи қондирилди. Қозоғистон институционал инвесторлари (шу жумладан пенсия жамғармаси) умумий талабнинг тахминан 38 фоизни, халқаро инвесторлар эса таклиф пайтида умумий талабнинг тахминан 25 фоизни олдилар.
— Адолатли тақсимотни таъминлаш мақсадида чакана инвесторларнинг 30 минг АҚШ долларигача бўлган аризалари тўлиқ, чакана инвесторларнинг аризалари бўйича қолган талаб (30 минг АҚШ долларидан ортиқ) қисман қаноатлантирилди. Қолган акциялар ва Глобал депозит квитанцияси инвесторлар ўртасида тақдим этилган аризалардаги талаб ҳажмига мутаносиб равишда тақсимланди. Натижада чакана инвесторларнинг аризаларининг 97,8 фоизи тўлиқ қаноатлантирилди, - дея изоҳ берди Air Astana.
Гуруҳ ўсишининг кейинги босқичини тезлаштириш учун IPOда 120 миллион АҚШ долларини жалб этди.