Аида Балаева: Ёшлар — мамлакатимизнинг энг асосий бунёдкор кучидир

ASTANA. Kazinform — ҚР Бош вазир ўринбосари — Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Халқаро ёшлар куни муносабати билан табрик йўллади.

Аида Балаева
Фото: Маданият ва ахборот вазирлиги

“Барчангизни Халқаро ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ёшлар — мамлакатимизнинг энг асосий бунёдкор кучидир. Бугунги кунда Қозоғистонда 5,8 миллиондан ортиқ ёш фуқаро истиқомат қилади. Бу — мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бир қисмидир. Қозоғистоннинг эртаси, давлатнинг келгусидаги ривожланиш йўналиши, аввало, бугунги ёш авлоднинг билими, малакаси, фуқаролик позицияси ва ташаббускорлигига боғлиқ.

Инсон капиталини ривожлантириш, таълим ва илм-фанни тараққий эттириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясида давлатни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу ёшларга катта имкониятлар яратиш билан бирга, уларга билдирилаётган ишонч ва зиммаларидаги масъулият ҳам юқори эканини кўрсатади. Эндиги вазифа — ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим ва меҳнатни ўзимизга ҳамроҳ этиб, Адолатли Қозоғистонни биргаликда барпо этишдир”, — деди у.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар сиёсатига янги суръат берилди. Ёшлар тоифасига кирувчи фуқароларнинг ёши 35 ёшгача оширилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олинадиган фуқаролар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди.

“Бугун ёшларнинг сифатли таълим олиши, ишга жойлашиши, тадбиркорликни бошлаши, уй-жойли бўлиши, волонтёрлик фаолияти билан шуғулланиши ва жамоатчилик ташаббусларида фаол иштирок этиши учун ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Бу ишларнинг аниқ натижалари ҳам бор.

«Наурыз» ва «Отау» имтиёзли кредит дастурлари орқали 5,4 мингдан ортиқ ёш қозоғистонлик давлат кўмагига эга бўлди. Ҳудудий уй-жой дастурлари доирасида 7,2 мингдан ортиқ ёш оила ва ёш мутахассис уй-жойли бўлди. Бу йил «Жасыл ел» лойиҳаси доирасида 35 мингдан ортиқ ёш мавсумий иш билан таъминланди”, — деди Аида Балаева.

Истеъдодли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда. Ҳар йили «Мустақиллик авлодлари» гранти ёш фуқароларнинг янги лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш имконини беради. Давлатнинг «Дарын» ёшлар мукофоти эса ўз соҳасида энг яхши натижаларга эришган янги авлод вакилларига топширилади.

“Ёшларнинг мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши алоҳида аҳамиятга эга. Бугун минглаб ёшлар волонтёрлик билан шуғулланиб, ижтимоий ташаббусларни амалга оширмоқда, «Тоза Қозоғистон» лойиҳасида иштирок этмоқда. Ана шундай амалий ишлар орқали улар жамият тараққиётига, мамлакат бирлиги ва умумий қадриятларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ҳозир мамлакатимизда 400 дан ортиқ ёшлар ташкилоти ва 235 та ёшлар ресурс маркази фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилотлар ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилияти ва салоҳиятини намоён этиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратмоқда.

Қозоғистон бугун рақамли тараққиёт, янги технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш босқичига қадам қўйди. Бу жараёнда ёшларнинг роли алоҳида аҳамият касб этади. Янги технологияларни ўзлаштириш, янги ғояларни илгари суриш, миллий илм-фан ва технологик тадбиркорликни ривожлантириш орқали ёш авлод мамлакатимизнинг рақобатбардошлигини оширишга улкан ҳисса қўшиши мумкин”, — деди у.

Олдимизда мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим тарихий давр — Қурултой сайлови турибди. Партиявий рўйхатларда ёш номзодларнинг кам эмаслиги айниқса қувонарли. Бу ёшларнинг фуқаролик фаоллиги ортиб бораётганини, улар мамлакат келажагига масъулият билан қарашга ва давлат тараққиётига бевосита ҳисса қўшишга тайёр эканини кўрсатади.

“Ҳурматли ёшлар! Сизларнинг билимларингиз ва ғайратларингиз, масъулиятингиз ва янгиликка интилишингиз — Қозоғистоннинг келажагига киритилаётган энг катта сармоядир. Биз сизларга ишонамиз, ютуқларингиздан фахрланамиз ва ҳар бир эзгу ташаббусингизни қўллаб-қувватлаймиз.

Олдингизда доимо янги имкониятлар очилиб, орзу-мақсадларингиз рўёбга чиқаверсин. Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз мамлакатимизнинг умумий муваффақиятига айлансин! Халқаро ёшлар куни муборак бўлсин”, — деди Аида Балаева.