Абай вилоятида ўртача иш ҳақи ошди

Абай вилоятида ўртача иш ҳақи ошди
Фото: Абай вилояти ҳокимлиги
Абай вилояти ўзининг биринчи йилида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ишончли ўсишни кўрсатди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Нурлан Уранхаев Астанада ўтказилган ҳисобот брифингида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

“Биринчи йилимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида ижобий силжишларга эга. Йил давомида, ойма-ой барча кўрсаткичлар бўйича барқарор ўсиш таъминланмоқда. Бугунги кунда вилоятнинг қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткичи 107,5 фоизни ташкил этмоқда. Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар 44,2 фоизга ошиб, 426,2 миллиард тенгега етди”, – деди Нурлан Уранхаев Астанадаги Марказий коммуникациялар хизматида.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, қурилиш соҳасида ўсиш 141,1 фоиз, саноатда 106,3, ички савдода 103, қишлоқ хўжалигида 101,7 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, 233,8 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди (ўсиш 108 фоиз), бу эса 2 минг 443 оилани уй-жой билан таъминлаш имконини берди.

“Ишлаб чиқариш суръати ижтимоий кўрсаткичларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ўртача ойлик иш ҳақи 17,6 фоизга ошиб, 292,8 минг тенгени ташкил қилди. Вилоят бюджетининг ўз даромадлари 141 фоизга ўсиб, ғазнага 87,4 млрд тенге олиб келди. Жорий йилда вилоят бюджети 419,2 млрд тенгени ташкил этмоқда. Таълим соҳаси харажатлари 1,2 баробар, соғлиқни сақлаш – 2 баробар, қишлоқ хўжалиги харажатлари эса 7 баробар ошди”, – деди ҳоким.

Вилоят маркази Семей шаҳри бюджети эса 103,1 миллиард тенгени ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 51,4 фоизга кўпдир.

Уй-жой коммунал хўжалигини молиялаштириш ҳажми 2 баробар, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳажми 23 фоизга ошди.

“ҚР Президенти фармойиши ва Ҳукумат қарори билан Абай вилоятини 2023-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс режаси тасдиқланди. Унга киритилган сармоя миқдори 1,9 триллион тенге бўлиб, 102 та тадбир кўзда тутилган. Жорий йилда 89,2 миллиард тенгега 45 та тадбирни амалга ошириш бошланди. Беш йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари жамғармаси яратилди. У 1,4 триллион тенгелик 44 та лойиҳани ўз ичига олган бўлиб, уларда 8 минг иш ўрни мавжуд. Жорий йилда 600 та янги иш ўринлари билан таъминланган учта лойиҳа ишга туширилди, уларнинг қиймати 19,1 миллиард тенге”, – деди Абай вилояти ҳокими.

Сўнгги хабарлар