Абай вилоятида ўртача иш ҳақи 340 минг тенгени ташкил этади
ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Абай вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичларида ўсиш кузатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Нурлан Уранхаев Астанадаги Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, вилоятнинг қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткичи 105,3 фоизни ташкил этди.
“Қурилишда 131,6 фоизга, саноатда 102,6 фоизга, ички савдода 110,5 фоизга, қишлоқ хўжалигида 106,4 фоизга, инвестицияларда 100,5 фоизга энг юқори ўсиш кузатилди”, – дейди Нурлан Уранхаев.
Вилоятда 237,1 минг квадрат метр майдон фойдаланишга топширилди ва уй-жой қурилиши 117,4 фоизга ўсди, бу эса 2 минг оилани уй-жой билан таъминлаш имконини берди. Жорий йил якунларидан келиб чиқиб, бу динамика сақланиб қолади, деди ҳоким.
Иккинчи чорак якунида ўртача ойлик иш ҳақи 12,3 фоизга ўсди ва 340,2 минг тенгени ташкил қилди.
Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича давлат бюджетига тушумларнинг умумий ҳажмида ҳудудий даромадларнинг улуши 2 фоизни ташкил этади.
“2024 йил 1 октябрь ҳолатига давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 294,9 миллиард тенге, жумладан, республика бюджетига 2 баробар ўсиш билан 197,1 миллиард тенге, маҳаллий бюджетга 126,5 фоиз ўсиш суръати билан 97,8 миллиард тенге тушди”, – деб маълум қилди Н.Уранхаев.
Вилоятнинг жорий йилги бюджети 480,8 миллиард тенге, шу жумладан ўз даромадлари – 135,5 миллиард тенге, ўсиш суръати 2023 йил билан солиштирганда 120,9 фоизни ташкил этади.