Абай вилоятида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда

Абай вилоятида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда
Фото: Абай вилояти ҳокимлиги

Вилоятда ўқувчилар ўринлари тақчиллигини камайтириш мақсадида 2025 йилгача “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида 5700 ўринли 11 мактаб қурилади. Лойиҳани 2023 йилда амалга ошириш учун Қозоғистон Республикаси Миллий жамғармасидан 8 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Марказий коммуникациялар хизмати матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

Айни пайтда Семей шаҳрининг ҳар ҳил туманларида: Қарағайли кичик туманида 1200 ўринли 5 та, Водний кентида 600 ўринли, Ақсуат қишлоғида 300 ўринли, Бесқарағай қишлоғида 300 ўринли, Аякўз шаҳрининг “Гўшт комбинати” кичик туманида 600 ўринли мактаблар қурилиши давом этмоқда.

2025 йилгача Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 та кичик мактаб ва мавжуд мактабларга 6 та қўшимча бино қурилади.

Болаларни қўшимча таълим билан ҳар томонлама қамраб олиш мақсадида кўп қиррали Ўқувчилар саройи барпо этилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасининг хулосаси олинди. Лойиҳанинг умумий қиймати 11,4 млрд тенге.

ҚР Президенти фармони асосида вилоят олий таълим муассасаларидан ташқари Шакарим университети қошида «Shakarim High School» ва А.Бўкейхан университети қошида «Abay IT-School» очилиб, вилоят ОТМга 500 та махсус таълим грантлари ажратилди.

Бундан ташқари, 2025 йилгача Абай вилоятида 65 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини қуриш режалаштирилган. Мазкур объектлар “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Семейдаги 100,4 миллиард тенгелик бешта тиббиёт муассасаси ҳудудий ривожланишнинг комплекс режасига киритилган.

Унинг таркибига 400 ўринли кўп тармоқли шифохона, 300 ўринли кўп тармоқли болалар шифохонаси, вилоят қон маркази, Семей шаҳрининг ўнг ва чап қирғоғидаги поликлиникалар киради.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Абай вилоятида маҳаллий аҳамиятга молик 235 километр йўл таъмирланади ва бунинг учун 9,9 миллиард тенге маблағ ажратилади.

“Қишлоқ – юрт бешиги” дастури доирасида умумий узунлиги 77 километр бўлган қишлоқ автомобиль йўлларини ўртача таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Йил охирига қадар йўлларнинг 90 фоизи стандарт ҳолатга келтирилади, 2025 йилга бориб эса бу кўрсаткич 97 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар