Абай вилоятида 14 минг иш ўрни яратилади
«Абай вилоятини ривожлантириш бўйича комплекс режада 100 дан ортиқ тадбирлар ўрин олган. Улар орасида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, уй-жой, ижтимоий ва бошқа инфратузилмани, фуқаро муҳофазасини ривожлантириш, шунингдек, экологик муаммоларни ҳал этиш режалаштирилган. Режанинг умумий бюджети тахминан 1,9 триллион тенгени ташкил этади. Уларнинг аксарияти хусусий инвестициялардир. Бундан ташқари, вилоятда «Аяғоз-Бақти-Хитой чегараси» темир йўл участкаси, тоғ-конни қайта ишлаш заводи, «Айдарли» мис конини ўзлаштириш, гўштни қайта ишлаш комбинати, порт ва логистика парки каби йирик лойиҳалар амалга оширилади», - деди ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Ҳукумат йиғилишида.
Ҳукумат раҳбари таъкидлаганидек, комплекс ривожлантириш режасининг амалга оширилиши натижасида вилоят ривожи янги суръатга эга бўлади.
«Комплекс режа вилоятда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар, капитал қўйилмалар ҳажмини эса 3,5 баробар оширишни таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, 14 минг иш ўрни яратилади ва бу маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширади», - дейди у.
Шунингдек, Алихан Смаилов Миллий иқтисодиёт вазирлиги ва вилоят ҳокимлигига тегишли давлат органлари билан биргаликда комплекс режадаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашни топширди.
Муаллиф: Даулет Изтилеу