9 ойда Қозоғистон иқтисодиёти 4,7 фоизга ўсди
9 ойда Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 4,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги.

“Жорий йил январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 4,7 фоизни ташкил этди. Улар орасида реал сектор 3,7 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 5,1 фоизга ўсди. Тармоқлар орасида қурилиш, савдо ва ахборот-коммуникация соҳаларида энг юқори ўсиш кузатилди. Асосий капитал қўйилмаларининг ўсиш суръати 12,1 фоизни ташкил этди. Инвестициялар оқими транспорт ва омборхонада – 59,4 фоизга, савдода – 37,5 фоизга, таълимда – 23,7 фоизга, қишлоқ хўжалигида – 12,9 фоизга, шунингдек саноатда – 8,2 фоизга, жумладан, тоғ-кон саноатида 4,3 фоизга ўсиш кузатилмоқда, - деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, вилоятлар орасида энг юқори ўсиш Манғистау, Туркистон, Павлодар ва Абай вилоятларида кузатилган.
“Дастлабки натижаларга кўра, 2023 йил январь-август ойларида ташқи савдо айланмаси 4,2 фоизга ўсиб, 91,1 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт 51,2 миллиард долларни, шу жумладан қайта ишланган маҳсулотлар экспорти 16,2 миллиард долларга етди. Товарлар импорти 39,8 миллиард долларни ташкил этди. Умуман олганда, ижобий савдо сальдоси 11,4 миллиард долларга тенг”, — деди Алибек Қуантиров.
Муаллиф: Марлан Жиембай