9 ойда иқтисодиётнинг ўсиши 4 фоизга етди
ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаровнинг маълум қилишича, йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиши нонефт сектори ҳисобига кузатилмоқда.

“Январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, иқтисодиётнинг ўсиши 4 фоизни ташкил этди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўсишнинг тезлашиши кетма-кет учинчи ой кузатилмоқда. Реал секторда ўсиш 5 фоизни ташкил этди. Кўрсатилган хизматлар соҳасида ишлаб чиқариш 3,8 фоизга ўсди. Жорий йилда иқтисодиётнинг ўсиши тўлиқ нонефт секторини ривожлантириш ҳисобидан таъминланмоқда”, – деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, энг юқори ўсиш қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида қайд этилган. Транспорт фаолияти 8 фоизга, алоқа 6,4 фоизга, савдо 6,3 фоизга, ишлаб чиқариш саноати 4,8 фоизга ошди.
“Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 65 фоизи савдо, қайта ишлаш саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ҳисобига таъминланди. Асосий капиталга инвестициялар 0,6 фоизга ошди. Инвестициялар ҳажмининг энг юқори ўсиши нонефт тармоқларида кузатилмоқда”, – деди Нурлан Байбазаров.