7 октябрь куни Исроилга қилинган ҳужумда БМТ гуманитар ташкилотининг тўққиз нафар ходими иштирок этган бўлиши мумкин

7 октябрь куни Исроилга қилинган ҳужумда БМТ гуманитар ташкилотининг тўққиз нафар ходими иштирок этган бўлиши мумкин
Фото: unrwa.org

ASTANA. Kazinform - БМТ ички назорат хизматлари бошқармаси терговига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик Қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг (UNRWA) тўққиз нафар ходими ўтган йилнинг 7 октябрида Исроилга уюштирилган ҳужумда иштирок этган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kazinform агентлиги NBC Newsга таяниб хабар беради.

2023 йил 7 октябрь куни ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми, Исроил ҳисоб-китобларига кўра, 1200 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 240 га яқин киши гаровга олинган. Расмийларга кўра, Исроил ХАМАСга қарши уруш эълон қилган ва Ғазо секторида 40 мингдан ортиқ одамни ўлдирган.

Январь ойида Исроил UNRWAнинг камида 12 нафар ходими 7 октябрдаги ҳужумга алоқадорлигини айтган ва кўплаб давлатларни, жумладан, Қўшма Штатларни гуманитар ташкилотни молиялаштиришни тўхтатишга ундаган.

UNRWA Бош комиссари Филипп Лаццарини матбуот баёнотида UNRWA ходимларига қарши айбловлар агентлик эътиборига ҳавола қилингани ва улар билан шартномалар бекор қилинганини айтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг илтимосига кўра, Ички назорат бошқармаси Ғазодаги UNRWAнинг 19 нафар ходимини ҳужумга алоқадорликда айблаб тергов қилди.

Бир ҳолатда, ходимнинг ҳужумга алоқадорлигини тасдиқловчи далил топилмади.

Тўққиз ҳолатда, далиллар "ходимларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш учун етарли эмас".

Қолган тўққизта ҳолатда далиллар UNRWA ходимларининг 7 октябрдаги ҳужумларга алоқадор бўлиши мумкинлигини кўрсатиши эҳтимол.

Ф. Лаццаринининг таъкидлашича, UNRWA нинг устувор вазифаси "Фаластинлик қочқинларга Ғазо секторида ва бутун минтақада, айниқса давом этаётган уруш, беқарорлик ва минтақавий кучайиш хавфи шароитида ҳаётий ва муҳим хизматларни кўрсатишни давом эттириш" ҳисобланади.

UNRWA - 1949 йилда Ғарбий Соҳил, Ғазо сектори, Иордания, Ливан ва Суриядаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш учун яратилган БМТ ташкилоти. Агентлик маълумотларига кўра, минтақада 30 мингга яқин ходим, жумладан, Ғазо секторида 13 минг ходим ишлайди.

Сўнгги хабарлар
telegram