29 октябрь Қозоғистонда Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди

Қасим-Жомарт Тоқаев Қарағанди вилоятидаги “Костенко” конида содир бўлган фожиали ҳодисада ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан учрашиб, ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

29 октябрь Қозоғистонда Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди
Фото: ПТРК

Президент ҳалокат сабабларини аниқлаш, кончиларни қутқариш, қурбонлар ва жабрланганларнинг оилаларига зудлик билан ёрдам кўрсатиш бўйича зарур чоралар кўрилишини айтди.

Давлат раҳбари эртага, яъни 29 октябрь мамлакатда Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинишини айтди.

Қарағанди вилоятидаги Костенко номидаги конда юз берган ёнғинда ҳалок бўлган кончилар сони 21 нафарга етди, 23 нафар кончи ҳануз ер остида қолмоқда.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлган кончиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Президент Ҳукуматга кончилар оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатишни буюрди. Воқеа ҳолатларини аниқлаш учун Ҳукумат комиссияси тузилди. Шунингдек, “АрcелорМиттал Темиртау” компанияси билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида буйруқ берилди.

Шахтадаги ёнғин юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш” билан судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди.

Профессор Х.Ж. Макажанов номидаги шифохоналарга 18 киши етказилган. Бир киши реанимацияда.

Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Бош вазир Алихан Смаилов раислигида авария сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

Унинг таркибида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов, Ички ишлар вазири Ержан Саденов, Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Светлана Жақипова, Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Қарағанди вилояти ҳокимлиги, меҳнат инспекцияси, “Қорғау” кўмир ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ва бошқалар бор.

Шунингдек, Ҳукумат “АрcелорМиттал Темиртау” АЖ акциядорлари билан дастлабки келишувга эришилгани ва корхонага эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси фойдасига ўтказиш бўйича шартнома якунланаётганини маълум қилди.

Сўнгги хабарлар