29 август куни Яқин Шарқда нималар содир бўлди. Янгиликлар
ASTANA. Кazinform - Ғазо секторидаги можаролару, Эрон ва Исроил ўртасидаги минтақавий таранглик, 29 август, пайшанба куни Яқин Шарқда содир бўлган воқеалар ҳақида Кazinform мухбирининг мақоласида ўқинг.
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил мудофаа кучлари чоршанба куни йирик аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилганидан сўнг, Исроилни Ғарбий Соҳилдаги ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди.
Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, бош котиб Ғарбий Соҳилдаги сўнгги воқеалардан "чуқур хавотирда" ва "одамлар, жумладан, болалар ҳалок бўлишини кескин қоралайди".
- Байден маъмурияти Исроилни "Ғарбий Соҳилдаги тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга" чақирди.
“Биз Исроилнинг ўзига хос хавфсизлик эҳтиёжларини, жумладан, Ғарбий Соҳилдаги террорчилик фаолиятига қарши туриш зарурлигини тан оламиз. Шу билан бирга, биз Исроил расмийларидан барча тинч аҳолини хавфдан ҳимоя қилиш учун тегишли чоралар кўришни талаб қиламиз”, — дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Исроил полицияси ва ШАБАК маълумотларига кўра, пайшанбага ўтар кечаси Ғарбий Соҳилдаги Тулкарм шаҳридаги масжидда исроиллик кучлар 5 нафар фаластинлик жангарини йўқ қилди.
Маълумки, Тулкармда чегара полициясининг “Ямам” аксилтеррор бўлинмаси аскарлари уларининг жойлашуви ҳақида тезкор маълумот олгач, масжидда бошпана топган бир гуруҳ жангарилар билан жанг қилган. Ҳарбийларга кўра, отишмада беш фаластинлик жангари ҳалок бўлган, бир исроиллик зобит енгил яраланган.
- Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель аъзо давлатлардан “айрим Исроил вазирларига” санкция қўллашни хоҳлайсизми, деган саволни бериш жараёнини бошлаганини айтди.
Сиёсатчи муҳокама қилинаётган исроиллик вазирлардан бирортасининг исмини айтмади, бироқ кўплаб хабарларда улар орасида молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳам тилга олинган.
Ирландия ташқи ишлар вазири бунга муносабат билдирди. Вазирлик раҳбарининг айтишича, унинг мамлакати Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррелнинг ўта ўнгчи исроиллик вазирларга, шунингдек, Ғарбий Соҳилдаги “аҳоли пунктларини кенгайтиришга ҳисса қўшаётган” турар жой ташкилотларига қарши санкциялар жорий этиш таклифини қўллаб-қувватлайди.
Исроил ҳарбий самолётлари Ливан жанубидаги Кафр Кила шаҳрида “Ҳизбуллоҳ” томонидан фойдаланилган биноларга зарба берди, дея маълум қилди Исроил Мудофаа Кучлари.
Бундан ташқари, яқинда Ливандан учирилган портловчи моддалар ортилган бир нечта дрон Голан тепаликларининг шимолига қулаб тушди.
- АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар илгари сурилган.
"ХАМАС Ғазо секторида маҳаллий аҳолини полиомиелитга қарши эмлаш учун етти кунлик гуманитар сулҳга рози бўлди", - деб ёзади Лондондаги араб тилидаги Al-Araby Al-Jadeed ахборот сайти.
Исроил Ғазо секторида полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини ўтказиш учун чекланган "гуманитар танаффуслар"га рози бўлди, дея хабар беради ЖССТ.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо секторидаги 640 мингга яқин болани эмлашга тайёрланмоқда. 23 август куни ЖССТ камида бир бола полиомиелит вирусининг 2-тури билан фалаж бўлганини тасдиқлади, бу ҳудудда сўнгги 25 йил ичидаги биринчи ҳолатдир.