247 кун ичида Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари қурбонлари сони 37 минг кишидан ошди

2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида давом этаётган Исроил ҳужумлари қурбонлари сони 37 084 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо секторидаги Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилди, деб ёзади Anadolu.

Газа
Фото: Anadolu

Вазирликнинг эслатишича, Исроил армиясининг Фаластин анклавига қуруқликдан, денгиздан ва ҳаводан амалга ошираётган оммавий ҳужумлари 247 кундан бери тўхтамаяпти.

Биргина сўнгги 24 соат ичида Исроил Ғазо секторида саккизта “қирғин” содир этди, натижада 283 киши ҳалок бўлди, жумладан Нусайрат қочқинлар лагерида 274 киши ҳалок бўлди, яна 698 нафари оғир яраланди, дейилади матбуот хизмати хабарида.

2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари натижасида яраланганлар сони 84 минг 494 кишига етди, деб хабар берди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамон вайрон бўлган бинолар остида ва йўл четларида қолмоқда. Тез ёрдам ва фуқаролик мудофаа гуруҳлари Исроил кучлари келтириб чиқарган тўсиқлар туфайли уларга етиб бора олмаяпти, дея қўшимча қилди вазирлик.

Газа
Фото: Anadolu

Исроил-Фаластин можароси

2023 йил 7 октябрь куни эрталаб ХАМАСнинг ҳарбий қаноти Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши “Ал-Ақсо Тўфони” операцияси бошланганини эълон қилди.

Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ХАМАСнинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ўнлаб қирувчи самолётлар ёрдамида ХАМАСга қарши “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди, бу эса Ғазо аҳолисининг қирғинига айланиб кетди. 27 октябрь куни Исроил армияси Ғазода қуруқликдаги операцияларни бошлади.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда.

Минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, масжидлар ва черковлар ҳам Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумларидан зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган. Исроилда қурбонлар сони 1200 дан ошган.

Сўнгги хабарлар