2050 йил учун ҳаво ҳарорати прогнозлари 2025 йилдаёқ амалга ошмоқда
ASTANА. Кazinform — Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қайд этилган ҳароратнинг ошиши шаҳар “иссиқлик ороллари” каби омиллар билан янада кучаймоқда. Келгуси йиллар учун прогнозлар муддатидан олдин амалга ошмоқда, деб ёзади Anadolu.
Бу ҳақда Богазичи университети қошидаги Иқлим ўзгариши ва сиёсат тадқиқотлари маркази бошқаруви аъзоси, профессор Мурат Туркеш маълум қилди.
Европа Иттифоқининг Copernicus иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойи инсоният тарихидаги бешинчи энг иссиқ мавсум сифатида қайд этилган. Copernicus маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойида Европада ўртача ҳарорат 18,46 ° С бўлди. Бу 1991–2020 йиллардаги ўртача июнь кўрсаткичидан 1,10°С юқори.
Шундай қилиб, Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) 2015 йилда эълон қилинган 2050 йил учун ҳаво ҳарорати прогнозлари 2025 йилдаёқ амалга ошла бошлаганини кўриш мумкин.
Метеорология ташкилотининг 2050 йил 10 август учун прогнозига кўра, Испаниянинг Уэльва шаҳрида ҳаво ҳарорати 43°С га етиши кутилган эди. Бироқ, 2025 йил 28 июнда Уэльвадаги ҳарорат 46 ° C га етди.
2050 йил 18 август учун прогноз Франциянинг Ажен ва Страсбург шаҳарларида — 41°С, Парижда — 40°С, Лионда — 42°С, Нимда — 43°С га етишини кўрсатади.
Франция миллий метеорология хизмати Meteo France маълумотларига кўра, 19 июндан буён мамлакат бўйлаб ғайритабиий иссиқ давр кузатилмоқда, кундузи ўртача ҳарорат 40°С дан ошади, кечаси эса 20°С дан пастга тушмайди.
Тулуза, Авиньон, Перпиньян ва Кольмар шаҳарларида ҳаво ҳарорати 35°С дан ошди. Ҳаддан ташқари иссиқлик туфайли икки киши ҳалок бўлди.
1 июль куни Франция метеорология хизмати 16 та ҳудудда, жумладан Парижда энг юқори даражадаги қизил, 68 та ҳудудда тўқ сариқ рангли огоҳлантириш даражасини эълон қилди. 2 июль куни 4 та провинцияда қизил, 55 та провинцияда тўқ сариқ рангли огоҳлантириш даражаси сақланиб қолди.
Агентлик суҳбатлашган экспертнинг сўзларига кўра, глобал исиш туфайли сўнгги йилларда қуруқлик ва денгиз юзаси ҳарорати мунтазам ошиб бормоқда.
Унинг фикрича, глобал миқёсда узоқ давом этган юқори ҳарорат иссиқ тўлқинларнинг пайдо бўлишига олиб келди, бир қатор мамлакатлар ва минтақаларда аномал об-ҳаво қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европани рекорд даражадаги иссиқлик тўлқини қамраб олгани ҳақида хабар берган эдик.